Янги қабул қилинган “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг амалдаги таҳриридан фарқли ўлароқ жиҳатлари

Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари барча йўналишлар қатори геодезия ва картография соҳасини ҳам замон талабларига мос равишда такомиллаштиришни тақазо этмоқда. Янги таҳрирдаги “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Қонунда шу каби жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунча ва тамойиллар, қолаверса уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Шу билан бирга, қонунда геодезия ва картография ишларини лицензиялаш, рўйхатга олиш ҳамда давлат геодезия назорати билан боғлиқ нормалар ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Мазкур қонун жорий йилнинг 2-июль куни мамлакатимиз президенти томонидан имзоланди. 8 та боб ҳамда 48 моддадан иборат янги қонунга соҳага оид соҳага оид асосий тушунча ва тамойиллар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Ихтияр Эргешовнинг таъкидлашича янги қонун кучга киргандан сўнг республиканинг иқтисодиёт тармоқлари учун геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилади. Қонуности ҳужжатларига мурожаатлар камаяди ва амалиётда қонуннинг тўғридан-тўғри ишлаши таъминланади.

“- Амалдаги “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги Қонун 1997 йил қабул қилинган. Қонун қабул қилинганидан 23 йил ўтган бўлсада, қонунга деярли қўшимча ва ўзгартириш киритилмаган. Ишлаб чиқаришга янги техника, технологияларни киритилганлиги вақт мобайнида, ундан ташқари янги иш турларининг пайдо бўлганлиги, энг асосийси – қонунда умумий тусга эга бўлган ва амалда ишламайдиган нормалар мавжуд эди ва қонун геодезия ва картография фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган эди. Қўшимча равишда қонун бугунги кун талабларига, соҳани ривожланиш тенденциялари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ва қонунчилик техникаси талабларига тўлиқ жавоб бермай қолган эди. Шу муносабатдан янги қонун ишлаб чиқиб, қонун қабул қилинди.

Янги қонунда геодезия ва картография фаолияти билан боғлиқ бўлган асосий тушунчаларга изоҳлар берилди. 18 та асосий тушунчаларга изоҳ берилди: геодезия сўзи, картография сўзи, географик ахборот тизими, фазовий маълумотлар миллий инфраструктураси, гравиметрик тармоқ, геодезия пункти, шунга ўхшаш терминларга изоҳлар берилди. Бу кейинги ҳужжатлар ишлаб чиқишдаги терминларнинг ҳар хил талқин қилинишини олдини олади” – Ихтияр Эргешов.

Шунингдек, эндиликда мазкур қонун нормаларига кўра геордезия ва картография фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ишларнинг сифат даражасини ошириш, соҳага оид материаллар ва маълумортларнинг тўлиқлилиги, ишончлилигининг кафолати, харита, режаларни яратиш ҳамда янгилашда тизимли ишларни амалга ошириш таъминланади.

“- Аввалги қонунимизда принциплар белгилаб берилмаган эди. Вазифалар қисқача умумий кўринишда берилган эди. Асосий биз 4 та принципни олганмиз. Мана шу 4 та принцип бўйича ишларни бундан кейин йўлга қўйишимиз керак бўлади. Бу принципларга геодезия ва картография фаолиятининг тизимлилиги ҳамда узлуксизлиги. Масштаблар кетма-кетлиги деган нарсамиз бор, мана шу узлуксизликни таъминлашда, масалан, 1:10000 масштабдаги топографик харита яратилганидан кейин, бунинг асосида 1:25000 масштабдаги харита яратилади. 1:25000 лик хариталардан 1:50000 лик, кейин 1:100000 лик. Мана шу – узлуксизликни таъминлаш.

Иккинчи принципларимиздан, геодезия ва картографияга доир материаллар ва маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлиги ва долзарблиги белгилаб берилаяпти. Ишончлилиги – жойдаги ҳолат билан биз яратадиган картографик маҳсулотимизни тўғри тасвирланганлиги. Бу – аниқлик бўйича тўғри тасвирланганлиги. Бу ерда геодезик пунктларнинг ўрнатилганидан кейин улар билан боғлиқ бўлган ўлчовларни ўтказишда бажариладиган ишларнинг аниқлилиги, геодезик пунктларни яратишдан тортиб то охирги картани нашрдан чиқаргунимизча бўлган жараённи аниқликда қўйилган талаблар асосида бажаришимиз қонунда норма сифатида белгилаб берилмоқда. Бундан ташқари долзарблиги масаласи – бу жойдаги ҳолатни картографик маҳсулотда кўрсатилиши. Бугун пайдо бўлдими қандайдир объект, эртага шу объект картада тасвирланиши – бу долзарблик.

Принциплардан яна – учинчи принципимиз – бу геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш чоғида ўлчовларнинг бирлиги. Геодезия ишлари қайси ташкилот томонидан бажарилмасин ёки қайси вазирлик томонидан бажарилмасин – ўлчовлар бирхиллаштирилган тарзда амалга оширилиши норма сифатида белгилаб берилмоқда. Бу ҳам бажариладиган ишларнинг аниқлиги ва ишончлилигига таъсир қиладиган жиҳатлардан биттаси” – Ихтияр Эргешов.

Бугунги кунда хариталар яратиш ҳамда янгилашда шартли белгиларни бирхиллаштириш ва географик объектларнинг номларидан бир хилда фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Шу боис янги қонунга тўртинчи принцип сифатида ушбу норма киритилди дейди мухбиримиз суҳбатдоши: “-Хариталарни яратишда ишлатиладиган бизни шартли белгиларимиз бор. Мана шу шартли белгиларни биз бир хилда қўлламасак, ҳар хил тушунчаларга олиб келиши мумкин. Бунга илгари норма сифатида талаб бўлмаган. Масалан, Қурилиш вазирлиги ўзи учун шартли белги ишлаб чиққан. Ҳозирги кунда жуда кўп дастурий таъминотлар яратилган. Бу дастурлардаги шартли белгилар – ишлаб чиқувчининг ўзларини шу жойдаги қабул қилинган шартли белгилари. Ана шуларни ҳаммасида Ўзбекистон учун қабул қилинган шартли белгилардан фойдаланиш, шу бирхиллаштирилган шартли белгилардан фойдаланиш норма асосида талаб бўлиб киритилмоқда.

Иккинчи масаламиз – географик объектларнинг номларини бир хилда қўлланилиши. Бу жой номини харитада кўрсатилишига бўладиган талаб. Масалан, кўча номи бўлиши мумкин ёки аҳоли пунктининг номи бўлиши мумкин. Кимдир жойига бориб, жойдаги маҳаллий аҳоли ўзини номлаши билан ёзиб келиши мумкин, кимдир қабул қилинган ҳужжатлар асосида ёзиши мумкин. Мана шу нарсани олдини олиш учун жой номларини бир хилда қўлланилишига ҳам талаб қўйилди, шу бўйича нормалар киритилди. Энди карталарда ҳар хил ном бериш ёки номларни ҳар хил талқин қилишни олдини олишимиз керак бўлади”.

Ушбу қонун билан тадбиркорлик субъектларининг геодезия ва картография соҳасидаги фаолиятини амалга оширишнинг асосий принциплари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши таъминланмоқда.

“- Амалдаги қонунимизда геодезия ва карторафия ишларини тадбиркорлик субъектлари томонидан ёки бўлмаса юридик шахслар томонидан бажарилиши тўғрисида ҳеч қандай нормалар йўқ эди, тушунчалар йўқ эди. Мана шу янги қонунимизда тадбиркорлик субъектлари ишни бажариши тўғрисида ҳам битта нормамиз бор – геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар геодезия ва картография ишларини бажариши мумкин деган норма бериб кетиляпти. Тадбиркорларимиз геодезия ва картография фаолияти билан шуғулланар эди шу пайтгача, лекин қонундаги нормаларда бу ҳеч қаерда белгиланмаган эди. Шунинг учун ҳозир бу ҳуқуқий томондан мустаҳкамлаб қўйилди, тадбиркорларимиз ҳам геодезия ва картография ишлари билан шуғулланиши белгилаб кўрсатиб ўтиб кетилди.

Қонун кучга кириши билан тадбиркорлик субъектлари томонидан бажариладиган ишларимизни ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат органларининг ваколатлари аниқ, бир-бирини такрорламайдиган қилиб белгилаб берилмоқда” – Ихтияр Эргешов.

Янги таҳрирдаги мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тизимида геодезия ва картография соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани ривожланиши, тадбиркорлик субъектларининг геодезия ва картография соҳасидаги фаолиятини амалга оширишнинг асосий принципларини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишини таъминлайди. Шунингдек, геодезия ва картография фаолиятининг моҳиятини, хусусан, сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш ҳамда рақамли технологиялар ҳамда ахборот-коммуникация тизимларини жорий этиш орқали соҳани янги босқичга олиб чиқишга эришилади.

Категория: 
Тип публикации: 
Аудио файл: