Давергеодезкадастр қўмитасининг Ер ахборот геопортали

Бугун ҳоҳ фермер деҳқон, ҳоҳ жисмоний ёки юридик шахс бўлмасин, ерга бўлган эҳтиёжи бор, албатта. Айниқса, бугунгидек ривожланаётган, яъни қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал бораётган бир паллада барчада энг муҳим ва ишончли маълумотга бўлган талаб бор. Шу мақсадда ҳам янги ишга туширилган “Ер ахборот геопортали”да шу каби барча маълумотларни олиш имконияти бор.

Ушбу геоахборот тизими энг сўнгги технологиялар имконияти ва фазовий маълумотлар асосида ишлагани боис, турли мақсадларда аниқ маълумотлардан кенгроқ фойдаланиш имкониятини беради.

“- Айнан мана шу янги ишга туширилган геопортал космик суратлар асосида айнан ер турларида бўладиган ўзгаришларни айнан ўзгариш бўлган ҳудудларни алоҳида координаталари билан бизга алоҳида шакллантириб беради ва биз ўша ўзгариш бўлган ҳудудларни мобил GPSлар орқали жойларнинг ўзида айнан ўзгариш бўлган жойнинг ўзига бориб, ер тузувчилар томонидан қайта яна ўзгартиришлар киритилади. Бу эса инсон омилини камайтиради. Ундан ташқари бугунги кунда ер ажратишда юзага келаётган коррупцион ҳолатларни тўлиқ бартараф этади” – деди “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ бош муҳандиси Обид Давронов.

“- Қўмитамиз дастурчилари барча маълумотларнинг ягоналиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ер ахборот базасини ишлаб чиқишди. Бугунги кунда 90 мингдан ортиқ ердан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар битта жойда мужассамлаштирилди ва бу бўйича маълумотларни фуқароларимиз олиш имкониятига эга бўлишди. Энди бу тизимда биз нафақат ердан фойдаланувчилар, балки ерга керак бўлган саккизта тоифадаги маълумотларнинг барчаси шу маълумотлар базасида шакллантирилган. Масалан, ҳозирги кундаги заҳира ерлари, ёки ердан вақтинчалик фойдаланилмай турган ерлар, ўрмон фонди ерлари, сув фонди ерлари, аҳоли пункти ерлари ва шу жумладан қишлоқ хўжалиги ерлари ҳам шу маълумотлар базасида шакллантирилган” – деди “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ бўлим бошлиғи Бобомурод Мақсудов.

Геопорталнинг яна бир қулай имконияти шундаки, олдинги ва бошқа ташкилотлар геопорталига нисбатан маълумотлар базасининг кенглиги, шунингдек, деярли барча ахборотлари очиқлиги ҳамдир.

“-Бу ерда тўлиқ инфратузилма шакллантирилган бўлиб, барча ҳудудлар кесимида, барча туманлар кесимида, яъни маълумотларни бугунги кунда кунлик янгиланиши, ҳафталик янгиланиши бошқа ахборот тизимларидан фарқланиши шунда. Яна фарқи шундаки, ер ресурслари тўғрисидаги барча маълумотлари умумлаштирилган ҳолатда ер ахборот базасида шакллантирилади” – деди Бобомурод Мақсудов.

Қайд этиш жоиз, айни вақтда “Ер ахборот тизими” геопорталда 168 та туман ва шаҳар бўйича 90 мингдан ортиқ ердан фойдаланувчилар ҳамда уларга тегишли 1,1 миллиондан ортиқ контур маълумотлари базаси шакллантирилгани ҳам аниқ ва ишончли маълумотлар олиш имкониятини вужудга келтиради.

“-Яна бир янгилик жиҳати – ишга туширилган ушбу порталда бўш ер участкалари тўғрисида маълумотлар рўйхати шакллантирилади ва ушбу рўйхат алоҳида ушбу порталда харитада алоҳида ранглар билан акс эттирилади. Бу эса юридик ва жисмоний шахсларни бугунги кунда қишлоҳ жўжалигида фермерлик фаолиятини амалга оширишда, бундан ташқари инвесторларни ерга оид бўлган маълумотларни бевосита онлайн олиш имкониятини яратади. Ушбу маълумотларни yer.geoportal.uz сайти орқали кириб, очиқ фойдаланиш мумкин.” – деди Обид Давронов.
Бир сўз билан айтганда бу каби янгиликлар барча учун, айниқса, ер билан тиллашиб ишлавчи миришкорлар ҳамда қурувчи ва тадбиркорлар учун яхши дастурамал десак муболаға бўлмайди.

Категория: 
Тип публикации: 
Аудио файл: