Географик объектларнинг номлари давлат реестри

Барчамизда ўзимиз туғилиб ўсган ёки бирор бир манзилга борганимизда ушбу жойнинг номи билан қизиқиш ҳолатлари кўп бор бўлган. Эндиликда Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган янги тизим орқали бутун мамлакатимиздаги барча ҳудудларнинг ҳозирги пайтдаги ва тарихий номлари ҳақида, шунингдек барча маълумотларни билиш имконияти пайдо бўлди.

“- Қўмита томонидан ишлаб чиқилган “Географик объектларнинг номлари давлат реестри” республикамизда жойлашган географик объект турлари, уларнинг тарихи, умуман 200 га яқин географик объект турлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Ушбу реестр очиқ порталга чиқарилган бўлиб, унда аҳоли учун республикамиздаги барча географик жой номлари, турли хил объектлар, мисол учун маҳалла, кўча, аҳоли пунктлари, қишлоқ аҳоли пунктлари ва бошқа шу каби географик объектлар тўғрисида ва уларнинг тарихи тўғрисида маълумот олишлари мумкин. Бу порталнинг авзаллик томонларидан бири – ушбу портал орқали фуқаролар ўзлари билган объект турлари, жой номлари тўғрисида таклифлар бериши ёки ўзларининг фикрларини қолдириши мумкин. Ушбу таклифлар асосида қўмита мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, шу жой номларининг тарихи бўйича маълумотлар янада бойитиб борилади.

Бу реестр очиқ интернетга чиқарилган бўлиб, geonames.uz домени остида жойлаштирилган” – деди Давергеодезкадастр қўмитаси ҳузуридаги “Геоинфоком” ДУК раҳбари Форух Болтабаев.

Айни пайтда 200 га яқин географик оюъектлари тўғрисидаги маълумот бўлган ушбу тизимни янада такомиллаштириш устида ишлар олиб борилаяпти. Шунингдек, ундаги маълумотлар базасини кенгайтириш борасида ҳамкор ташкилотларни жалб этиш ҳам мақсад қилинган.

“- Бу портал биринчи навбатда, ўзи яшаб турган ҳудуд тарихига қизиққан барча фуқаролар учун. Портал учта тилда ишлаб чиқилган бўлиб, айни вақтда порталдаги маълумотлар асосан ҳозирги амалдаги номлар келтирилган - объект номлари. Келажакда ушбу номларнинг тарихий номлари, уларнинг келиб чиқиш тарихи ва бошқа шу каби қизиқарли маълумотлар билан тўлдирилиш режалаштирилган. Ҳозирда қўмита томонидан “Миллий энциклопедия” таҳририяти билан ҳамкорлик бошланган. “Миллий энциклопедия” таҳририятидан жой номлари тўғрисидаги маълумотларни, тарихи тўғрисидаги маълумотларни олиб, шу порталга жойлаштириш, шунингдек яқин кунларда порталнинг мобил иловасини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда” - Форух Болтабаев.

Қайд этиш жоизки, ушбу тизимни ишга тушиши ўтмиш ва бугунга доир тафовутли маълумотларга янада аниқлик киритишга асос бўлади.

Категория: 
Тип публикации: 
Аудио файл: