Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантиришда туристик хариталар яратишнинг ўрни

Аннотация: Вилоятнинг туристик потенциалини оширишни илмий асослаш, туризмнинг янги турлари бўйича йўналишлар кўрсатилган харитасини тайёрлаш, уларни ташқи бозорда таклиф этиш, шу йўналиш бўйича вилоятда туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш бўйича илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган таклиф ҳамда тавсиялар тизими ишлаб чиқилади.

Мавзунинг долзарблиги: Вилоятимизда туризмни изчил ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш иқтисодиётнинг тез суратларда усишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Ҳозирги пайтда туризм йўналишида малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларни иш билан таъминлаш, миллий туристик маҳсулотларни кўпайтириш ҳамда туризмнинг янги йўналишларини яратиш ва Геоахборот технологиялари ва Аэрокосмик материаллар асосида тузилган хариталарни яратишга, айниқса ҳудудларнинг туристик потенциалини оширишга эҳтиёж сезилмоқда. Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга эътибор йилдан йилга ошиб бормоқда. 2017 йилда бу соҳани ривожлантириш бўйича алоҳида минтақа ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқан ҳолда, алоҳида туризмни ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017–2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2953-сонли Қарори бунга яққол мисол бўлади. Бунда минтақа туризм салоҳиятини ошириш ва уни халқаро миқёсда рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хоразм вилояти туризм соҳаси бўйича республикада тез ривожланган вилоятлардан биридир. Ушбу вилоятда туризмни ривожланиши ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб, соҳани янада ривожлантириш учун этарлича имконият ва салоҳиятларга эга.

Юқорида таъкидланганларга биноан, мазкур қарор доирасида қатор тизимли ишлар, жумладан юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун виза олишни янада осонлаштириш, электрон чипталар савдосини йўлга қўйиш, янги туристик маршрутларни очиш ва уларни хариталаштириш шулар жумласидандир. Ушбу масалаларни самарали эчимини топишда тадқиқотни бошқа усуллари қатори картографик метод ҳам муҳим ўрин тутади. Туристик мавзудаги хариталар муҳим тасвирий манба бўлиб, улар минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишда муҳим омил ҳисобланилади.

Бунинг учун:
- вилоятдаги туристик зоналарнинг (ҳудудларнинг) алоҳида мавзули хариталари лойиҳалаш ва тузиш;
- яратилаётган туристик хариталарни хорижий тилларда (масалан: инглиз, немис, француз, рус ва б.) яратиш ва чоп этиш;
- уларнинг дизайнига ва компоновкасига алоҳида ўзгача миллий кўриниш бериш;
- хариталарнинг масштабларини мақсадга мувофиқ танлаш, уларни фойдаланишга қулай қилиб чоп этиш лозим бўлади.

Ишнинг илмий янгилиги: Туристик мавзудаги хариталарни лойиҳалаш ва тузишда тизимли ёндашув услубидан фойдаланиб иш юритиш мақсадга мувофиқ. Бу хариталарда вилоятимиз ҳудудини туристик минтақаларга бўлиниш омилларини (мезонларини) ўрганган ҳолда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий мерос объектлари ва меъморий ёдгорликлар жойлашган ерларни ёрқин рангларда, кўргазмали қилиб тасвирланса, хаританинг маълумотлилик даражаси ва уларнинг қамрови кенгайиб, ундан фойдаланиш осонлашади.

Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти вилоятда туризм соҳасини ривожлантиришда туристик хариталарнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиш ва уларни акс эттира билиши керак ва комплекс бўлиши зарур.

Хариталарга қўшимча қилиб, Урганч шаҳарнинг табиат ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ бўлган ҳодиса ва жараёнларнинг ҳажми унча катта бўлмаган жадваллар, диаграммалар, графиклар шаклида бериш мумкин.

Хоразм вилоятида туризмнинг янги йўналишларини акс эттирувчи, тарихий обидаларнинг даврлар бўйича таснифи келтирилган хариталар яратишда тарихийлик, комлекслилик принципларига асосланиб иш олиб борилиши, ҳамда қиёсий таҳлил, тизим-таркибли, статистик, математик моделлаштириш, ГАТ (Геоахборот тизимлари) технологияси усулларидан самарали фойдаланиш зарур.

Тайёрланиши мўлжалланган хариталар Хоразм вилояти қадимий ёдгорликлари ҳозирги ҳолатининг сифат кўрсаткичлари бўйича, экологик туризм ва сайёҳликнинг бошқа ноанъанавий йўналишлари бўйича амалий маълумотларга эга бўлиши керак.

Бугунги кунда вилоятнинг Катқалъа, Ваянган (Шовот туманида), Олма отишган қалъаси (Янгиариқ туманида), Хазорасп, Девқалъа (Хазорасп туманида) ва бошқа тарихий, рекреация (Амударё соҳилларида овчилик, тўқай ландшафтлари ва қум барханларига саёҳат, Бодайтўқай қўриқхонасига сайр, шифобахш балчиқ кўлларга саёҳат), экологик туризм объектларини батафсил ўрганиш мўлжалланган. Мазкур қалъалар ва экологик туризм объектлари географияси, топонимияси ва топографиясини мукаммал ўрганиш, улар тўғрисида маълумотлар тўплаш ва хариталаштириш давр талабларидан бири бўлиб, мазкур ишнинг бажарилиши вилоят туристик потенциалини оширишга хизмат қилади.

Вилоятда туризмнинг янги йўналишларини ташкил этиш мақсадида замонавий усуллар, ГАТ тизимлари ёрдамида аниқ географик координаталарни белгилаш, ҳудуднинг турли мазмундаги хариталарини яратилиш билан келадиган сайёҳларга шаҳарни батафсил танишишига яқиндан ёрдам беради. Ушбу масаланинг эчимини топишда Урганч давлат университети ГАТ марказида лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган илмий ходим ва мутахассислар, моддий-техника базаси этарли даражада мавжуд. Бу ерда қадимий қалъаларнинг географик координаталарини жуда аниқлик билан белгилаб берадиган замонавий асбоблар, хариталар чоп этишга мўлжалланган плоттер асбоби, ишни бажариш учун зарур бўладиган техника ва жиҳозлар бор.

Яратилган хариталар вилоят туризмнинг янги йўналишларини ривожлантирибгина қолмай, бу ерда мавжуд тарихий ёдгорликларнинг ҳолати мониторинги тизимини яратишда ҳам асос сифатида хизмат қилиб, уларни сақланиш давомийлиги ортади, тарихий обидалар асраб қолинади.
Вилоят туристик потенциалини оширишни илмий асослаш, туризмнинг янги турлари бўйича йўналишлар кўрсатилган харитасини тайёрлаш, уларни ташқи бозорда таклиф этиш шу йўналиш бўйича Ўзбекистоннинг экспорт имкониятини таъминлайди. Ўз навбатида нашр этиладиган харита мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот сифатида импорт ўрнини босади, чунки бундай хариталар шу пайтгача фақат чет мамлакатлардан келтирилган. Хоразм вилоят туризмнинг янги йўналишлари хариталарини тайёрлаш тажрибаси ҳамда унда ишлатилган ҳисоблаш, белгилаш ва замонавий безатиш усуллари лицензия савдоси предмети бўлиши мумкин.

Вилоят туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш бўйича илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган таклиф ҳамда тавсиялар тизими ишлаб чиқилади, архитектура ёдгорликларининг ҳозирги ҳолатининг сифат кўрсаткичлари бўйича, экологик туризм ва сайёҳликнинг бошқа ноанъанавий йўналишлари бўйича амалий маълумотларга эга бўлади ва бу йўналишда ўқув, илмий-услубий қўлланмалар ҳам яратиш кўзда тутилган.

У.С.ҚАЛАНДАРОВ,
Урганч давлат университети ўқитувчи

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. T.Мирзаалиев. “Хариташунослик” – Тошкент 2004: “Фан” нашриёти.
2. Т.Мирзаалиев. Картография. Тошкент 2006: ЎзМУ.
3. Т.Мирзаалиев, Ж.Қорабоев. Хариталарни лойиҳалаш ва тузиш. – Тошкент 2007: Талқин нашриёти.
4. Т.Мирзаалиев, И.Мусаев, Э.Сафаров. Ижтимоий-иқтисодий картография. – Тошкент 2009: Янги аср авлоди нашриёти.
5. Э.Й.Сафаров, Х.А.Абдурахимов, Р.Қ.Ойматов. Геоинформацион картография. – Тошкент 2012: ЎзМУ.

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
PDF файл: