Пандемия даврида уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкаларини олиш тартиби

Жорий йилнинг 17-июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Пандемия даврида уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкаларини олиш тартиби" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Давергеодезкадастр қўмитаси ва унинг тизими ости корхоналарининг мутасадди раҳбар ва ходимлари иштирок этишди.

Бутун дунёда тарқалган коронавирус пандемияси республикамиз ҳудудида ҳам ўз аксини топди. Пандемия ва ўрнатилган карантин чекловлари эса давлат хизматларидан электрон шаклда кўпроқ фойдаланишга туртки бўлди. Таҳлилларга кўра, 2020 йилнинг 4 ойи давомида фойдаланилган давлат хизматлари 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 15,5 фоизга ортган.

Сўнгги йилларда юртимизда "рақамли иқтисодиёт" тушунчаси жуда кўп соҳаларни қамраб олмоқда. Кўплаб ривожланган мамлакатларда рақамли иқтисодиёт уларнинг ривожланиш омилларига сезиларли даражада таъсир ўтказган. Шу қаторда ер участкаларни тадбиркорлик мақсадлари учун ажратиш соҳасида ҳам қатор янги технологиялар жорий қилинди.

Ўтган йилларга назар солсак, 2000 йилларда ер участкаларни тадбиркорлик мақсадлари учун ажратиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 27 майдаги 248-сон қарори билан тартибга солинган. Ер ажратиш икки босқичда, яъни ерни танлаш (3 ой) ва лойиҳа ҳужжатлар бажарилгандан сўнг ваколатли органлар келишувидан (икки ой) ўтгандан сўнг ажратилган. Жами 7 ой давомида. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида жисмоний шахс тўлиқ иштирок этган.

2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тартибга солинган. Жисмоний (юридик) шахслар комиссия муҳокамасида иштирок этиб, ер участкаси ариза бериш тартибида комиссия томонидан муҳокамадан ўтказилган ва ер ажратиб берилган. Жами 55 кун.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сон қарори билан “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида низом”га мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга “YERELEKTRON” автоматлашган ахборот тизими (ААТ)да аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи бўйича қўшимча модул ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу модул e-kadastr.uz манзилида жойлаштирилган.

Жисмоний ва юридик шахслар e-kadastr.uz манзили орқали ўзларининг таклифларини беришда тўлиқ ариза берувчи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун аризачи OneID (id.gov.uz) идентификациялашнинг ягона тизимидан рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан маълумотлар “YERELEKTRON” ААТга киритилганда Давергеодезкадастр органлари томонидан беш иш куни мобайнида қонунчиликда назарда тутилган зарур материаллар тайёрланади.

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун бўш ер участкаларини ажратиш бўйича Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан жорий этилган “ YERELEKTRON” ва “e-kadastr.uz” тизимлари орқали ер участкалари “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида сотувга қўйилган.

Масалан, 2020 йилнинг январь - март ойларида:
· 7079 бўш ер участкалари хатловдан ўтказилган;
· 1410 та ер участкалари аукцион савдоларига қўйилган;
· 19 таси сотилган;
· аукцион савдосидан тушган тушум 1,9 млрд. сўмни ташкил этади.

Карантин даврида эса, яъни 2020 йилнинг апрель - июнь ойларида:
· 5674 бўш ер участкалари хатловдан ўтказилди;
· 3742 та ер участкалари аукцион савдоларига қўйилди;
· 901 таси сотилди;
· аукцион савдосидан тушган тушум 15,4 млрд. сўмни ташкил этди.

Карантин даврида “e-kadastr.uz” порталига жисмоний ва юридик шахслар томонидан 1473 та ер участкаларини онлайн аукционга қўйиш бўйича таклифлар берилган бўлиб, уларнинг 660 таси фуқаролар томонидан танланган ерлардир.

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида сотиб олинган ерлар сонининг 91 фоизи, яъни 842 таси жисмоний шахслар томонидан, қолган 7,8 фоизи, яъни 72 таси юридик шахслар томонидан сотиб олинган.

Давергеодезкадастр қўмитасининг Ахборот хизмати

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: