Хоразм вилояти аҳолисининг демографик ҳаракати картографик таҳлили

Аннотация: Ушбу мақолада мустақиллик йилларида Хоразм вилояти аҳолиси динамикасининг ҳудудий хусусиятлари географик ва картографик жиҳатдан таҳлил қилинган.

Кириш: Қадимдан инсоният ўзига яшаш учун қулай бўлган ҳудудларда жойлашиб келган. Ўрта Осиё ҳудудида йирик аҳоли манзилгоҳлари қадимдан сув объектлари яқинида, асосан суғорма деҳқончилик қилиш учун қулай бўлган ҳудудларда, айниқса Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Чирчиқ, Или каби дарёларнинг ўрта ва қуйи оқимларида жойлашган. Хоразм вилояти республикамизнинг қадимий аҳоли манзилгоҳлари вужудга келган маданият марказларидан бири ҳисобланади. Ҳудуднинг ўзига хос табиий шароити ва географик жойлашуви аҳоли манзилгоҳлари шаклланишига жуда катта таъсир кўрсатган. Аҳоли қадимдан, Амударёнинг чап ва ўнг соҳилида суғорма деҳқончилик қилиш учун қулай бўлган ҳудудларда истиқомат қилиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда қадимги юнон олими Геродот Мисрни “Нил туҳфаси” дегани сингари Хоразм ҳам “Амударё туҳфаси”дир.

Ишнинг мақсади ва вазифалари: Илмий ишда Хоразм вилояти аҳолисининг мустақиллик йилларидаги табиий ҳаракати географик ва картографик жиҳатдан таҳлил қилиш асосида вилоят аҳолиси ўсиш суръатлари баҳоланади. Бунинг учун аҳоли ҳудудий жойлашуви, ўрганилаётган даврда аҳоли сонидаги ўзгаришлари географик хусусиятлари таҳлил қилинади. Аҳоли сони даврий ўзгариши баҳоланиб, босқичларга ажратилади ҳамда турли хил мавзули карталар тузилади.

Асосий қисм: Маълумки, ҳар қандай ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши унинг аҳолиси сони, ҳудудий жойлашуви ва демографик жараёнлари билан узвий боғлиқдир. Чунки, бир томондан аҳоли ишлаб чиқарувчи куч бўлса, иккинчи томондан яратилган моддий бойликларнинг асосий истеъмолчиси, учинчидан эса такрор барпо қилувчи ҳисобланади. Шу сабабли, ижтимоий-иқтисодий ислоҳатлар жамият эҳтиёжлари асосида шаклланади.

Аҳолига хос жараёнларни ўрганишда унинг динамик ўзгариши муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ушбу жараён аҳоли табиий ва механик ҳаракатининг ўзига хос жиҳатларини очиб бериши мумкин. Аҳоли демографик жараёнлари ўз навбатида ҳудуднинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятининг ўзгариши билан чамбарчас боғлангандир. Демак, аҳолининг тадрижий ўзгаришини кузатиш орқали жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши ва унда бўлиб ўтаётган ўзгаришлар тўғрисида хулоса қилиш мумкин. Аҳоли ҳудудий жиҳатларини тадқиқ қилишда географик ва картографик ёндашув жуда катта амалий аҳамиятга эга. Чунки, аҳоли турли кўрсаткичлирини жамлаган бир қанча жадвал ва маълумотлар орқали ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини тўлиқ таҳлил қилиш имконсиз. Аҳоли кўрсаткичлари ва хусусиятларини тасвирловчи мавзули хариталар географик тадқиқотлар натижаси сифатида ҳудуднинг тўлиқ тафсилотларини намойён қилади. Ушбу ёндашувда, кичик ҳудудлар миқёсида мутлоқ ва нисбий кўрсаткичларнинг ўзгариш хусусиятларини таҳлил қилиш ҳамда алоқадорликларни ўрганиш мумкин.

Хоразм вилояти аҳолиси сонининг ўсиш суръатлари ва жойланиш хусусиятларига кўра, республикамизнинг ўзига хос ҳудудларидан биридир. Маълумки, сўнгги йилларда мамлакат аҳолисининг ўсиш суръатларида барқарор равишда бирмунча пасайиш кузатилмоқда. Айниқса, бу жараён мустақиллик йилларида янада яққолроқ кўзга ташланмоқда.

Демографик вазиятни таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, бутун мамлакатга хос бўлгани каби аҳолининг ўртача йиллик ўсиш суръатларининг пасайиб бориш жараёни айни вақтда Хоразм вилоятига ҳам тегишлидир. Чунончи, 1979-1989 йилларда вилоят аҳолисининг ўсиш суръати ўртача 3 %дан юқори бўлган бўлса, 1995-2001 йилларда 2,49 %ни, 2002-2020 йилларда бу кўрсаткич 1,8 %ни ташкил этди. Аҳоли ўсиш суръатларининг нисбатан пасайиб бораётганлигига Оролбўйидаги мураккаб экологик вазиятнинг ҳам муайян даражада таъсири мавжуд эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Маълумки, аҳоли динамикаси шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг ўсиш суръатларига ўз таъсирини кўрсатади. Албатта, бунда, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг жами аҳоли сонидаги салмоғи муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистонда мустақилликдан кейинги давр мобайнида урбанизация даражаси ортиб бормоқда. 1991 йилда республикамизда аҳолининг тахминан 40 фоизи шаҳарларда истиқомат қилган бўлса, 2020 йил 1 январь маълумотлари бўйича бу кўрсаткич 50,6 фоизга етган. Хоразм вилоятида эса бу кўрсаткич нисбатан пастроқ бўлиб, жами аҳолининг 33,2 фоиздан ортиқроғи шаҳарларда истиқомат қилади.

Мустақилликдан кейинги даврда ҳам вилоят шаҳар аҳолисининг ўсиш суръатларига қишлоқ жойлари аҳолисининг ўсиш кўрсаткичлари бирмунча юқори эканлиги салбий таъсир кўрсатмоқда. Аҳоли қадимдан зич жойлашганлиги ҳамда вилоят хўжалиги асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашганлиги сабабли туманлар ижтимоий-иқтисодий ихтисослашуви бир-бирига жуда ўхшаш, шу сабабдан аҳолининг демографик кўрсаткичлари ҳам кескин фарқ қилмайди.

Мустақиллик йилларида Хоразм вилояти аҳолисининг даврий ўсиб бориш кўрсаткичларини шартли равишда қуйидаги 4 босқичга ажратган ҳолда таҳлил қилиш мумкин:
1-босқич. 1990-1994 йиллар: аҳоли сони умумий ўсиш кўрсаткичи ўртача 3,16 %;
2-босқич. 1995-2001 йиллар: аҳоли сони умумий ўсиш кўрсаткичи ўртача 2,1 %;
3-босқич. 2002-2009 йиллар: аҳоли сони умумий ўсиш кўрсаткичи ўртача 1,61 %;
4-босқич. 2010-2020 йиллар: аҳоли сони умумий ўсиш кўрсаткичи ўртача 1,81 %.

Мустақиллик йилларида, вилоят аҳолисининг умумий ўсиш кўрсаткичлари динамикаси қуйидаги кўринишда ўзгариб бормоқда (1-расм).

Ушбу диаграммадан кўриниб турибдики, 1990 йиллар бошида вилоят аҳолиси ўртача 3,1 % га ўсган, яъни жами аҳолига нисбатан умумий ялпи ўсиш 28 минг кишини ташкил этгани ҳолда 1990-1994 йиллар оралиғида 3 %дан ортиқ умумий ўсиш кўрсаткичларини қайд этган. Аммо, аҳоли ўсиш суратлари туманлар кесимида бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Қўшкўпир, Янгиариқ, Шовот ва Боғот туманларида ўртача ўсиш 3,28 %дан 3,43 %гача оралиқда ўзгаради. Бу даврда вилоят миқёсида энг юқори ўсиш Шовот туманида кузатилган (3,43 %). Шу билан бирга, айрим туманларда аҳоли ўртача ўсиш кўрсаткичлари нисбатан паст эканлигини қайд этиш жоиз. Масалан, Урганч, Хива, Хонқа ҳамда Хазорасп туманларида ўртача ўсиш кўрсаткичлари 2,8 - 3,2 % атрофида ўзгарган. Бу жараённи картографик жиҳатдан таҳлил қилиш орқали демографик ҳолатнинг ҳудудий хусусиятларини кенгроқ таҳлил қилишимиз мумкин (I босқич харита чизмаси).

Аҳоли ўсиш кўрсаткичларининг II босқичида, яъни, 1995-2001 йиллар давомида вилоят аҳолиси ўртача 2,1 % га ўсган. Жами аҳолига нисбатан умумий ялпи ўсиш ўртача 25 минг кишини ташкил этган. Туманлар кесимида аҳоли ўсишининг нисбий кўрсаткичларида тафовутлар мавжуд (II босқич харита чизмаси). Масалан, Гурлан, Янгибозор, Боғот ҳамда Хазорасп туманларида аҳоли ўртача ўсиши 2,63 - 2,79 %гача оралиқда бўлган бўлса, бу борада энг юқори ўсиш Боғот туманида кузатилган (2,79 %). Бу даврда Урганч, Хива ва Қўшкўпир туманларида ўртача ўсиш кўрсаткичлари 2,0 - 2,2 %гача оралиқда ўзгарган. Аҳоли сони ўсиш кўрсаткичларининг шаҳар ва туманлар кесимида бир-биридан фарқ қилиши ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли сони билан бевосита боғлиқдир.

Вилоят аҳолиси III босқичда (2002-2009 йиллар оралиғи) 1,61 % дан ортиқ умумий ўсиш кўрсаткичларини қайд этган. Бу кўрсаткич ўрганилаётган даврда вилоят аҳолиси ялпи ўсишининг энг паст босқичи ҳисобланади. Ушбу босқичда вилоят аҳолиси ҳар йили ўртача 23 минг кишига кўпайиб борган. Жумладан, Урганч, Хива ва Хонқа туманларида ўртача ўсиш 1,99 - 2,11 % гача бўлган оралиқда ўзгаради. Вилоят миқёсида энг юқори ўсиш эса Урганч туманида кузатилган (2,11 %). Шу билан бирга, айрим туманларда аҳоли ўртача ўсиш кўрсаткичлари нисбатан паст эканлигини кузатиш мумкин (III босқич харита чизмаси). Масалан, Шовот, Гурлан ҳамда Хазорасп туманларида ўртача ўсиш кўрсаткичлари 1,59 - 1,66 % оралиғида пасяганлигини кузатиш мумкин.

Аҳолиси ўсиш кўрсаткичларининг IV босқичини (2010-2020 йиллар) таҳлил қиладиган бўлсак, бу давр мобайнида Хоразм вилояти аҳолиси ўртача 1,81 %га ўсган. Ушбу босқичда аҳоли ўртача ўсиш кўрсаткичларининг ошганлигини кузатишимиз мумкин. Шунга қарамасдан, жами аҳолига нисбатан умумий ялпи ўсиш ўртача 30 минг кишини ташкил этди. Ушбу даврга келиб туманлар кесимида қуйидагича кўрсаткичларни таҳлил қилиш мумкин: Янгиариқ, Янгибозор, Шовот, Боғот ҳамда Урганч туманларида аҳоли сони ўртача ўсиши 2,19 - 2,5 %гача бўлган оралиқда ўзгарган бўлса, Гурлан ва Хазорасп туманларида бу кўрсаткич 1,13 дан 1.84 %гача ўзгаради. Бу борада энг юқори ва энг паст ўсиш кўрсаткичи мос равишда Янгиариқ (2,5 %) ва Қўшкўпир (1,1 %) туманларида кузатилган (IV босқич харита чизмаси).

Ушбу демографик таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, Хоразм вилояти аҳолиси ўсиш кўрсаткичлари сўнгги 30 йил оралиғида 3,26 %дан 1,7 %гача қисқариб бормоқда (1,56 %га). Ялпи аҳоли сони эса 830 минг кишига ёки 1,8 мартага ошганлигини кўришимиз мумкин. Агарда аҳоли сонининг ўсиш суръатлари шу тарзда давом этадиган бўлса, асримизнинг иккинчи ярмига келиб, вилоят аҳолиси сонининг умумий ўсиш кўрсаткичлари тахминан 0,6 %гача қисқариши мумкин*.

Аҳоли сони ўсиб бориши билан унинг эҳтиёжлари ҳам ортиб боради. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, аҳоли сонининг ўсиши жараёни уни турли хил инфраструктура, ресурслар, иш ўрни билан таъминлаш каби бир қанча муаммоларнинг юзага келишига олиб келади. Масалан, вилоят аҳолиси ўрганилаётган давр ичида 1,8 баробарга ўсган бўлса, аҳоли учун зарур маҳсулот ва хизматлар ҳажми ҳам шунча миқдорда ўсиши зарур.

Хулоса: Хоразм вилояти аҳолиси динамикасини таҳлил қилиш асносида биз қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:
- вилоятнинг аҳоли ўсиш кўрсаткичлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва бозор қитисодиёти маданиятининг шаклланиши жараёнида қисқариб бормоқда;
- вилоят шаҳар аҳолисининг сони барқарор даражадаги табиий кўпайиш ҳамда кам миқдорда мусбат миграция салдоси ҳисобига ўсмоқда;
- вилоятнинг қишлоқ аҳолиси сони асосан юқори даражадаги табиий кўпайиш ҳисобига ортиб бормоқда;
- қишлоқ аҳолиси сонида миграция жараёни натижасида сезиларли ўзгаришлар кузатилаётгани йўқ;
- меҳнат ресурслари сони деярли икки мартага ўсиши натижасида аҳолини иш билан таъминлаш муаммолари вужудга келмоқда;
- аҳоли пунктларининг кенгайиши натижасида экин ерлари камайиб бормоқда.

Аҳолининг ҳудудий жойлашуви ҳамда мавжуд ресурслари билан боғлиқ ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожланишини географик тадқиқотларда ва турли хил мавзули карталарда тасвирлаш бугунги кунда халқ хўжалигини режалаштиришда муҳим амалий аҳамиятга эга ҳамда ўзига хос афзалликлари мавжуд. Масалан, демографик инқироз ёки ишсизлик даражаси энг юқори бўлган ҳудудларни картограмма усулида тасвирлаш орқали муаммоли ҳудудлар тўғрисида аниқ манзилли маълумотларни олиш мумкин. Аҳолини картага олишда, унинг турли хусусиятларини, сони, зичлигини, географик жойлашувини, табиий ҳаракати, аҳолининг таркиби ва бошқа хусусиятларини чуқур ўрганиб, ўзаро алоқадорликларини инобатга олиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари бугунги кунда замонавий аэрокосмик тадқиқот усуллари ва географик ахборот тизимларидан фойдаланаган ҳолда аҳоли манзилгоҳларининг кенгайиши, аҳолининг табиий ресурсларга ҳамда атроф-муҳитга бўлган экологик босими тўғрисида карталарни яратиш каби кенг имкониятларга эга тадқиқот усуллари мавжуд.

Аҳоли сонининг ортиши, мавжуд ресурслар ва ҳудудлар потенциалидан оптимал фойдаланишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ва экологик ислоҳотларни амалга оширишни тақазо қилади. Албатта, бу жараёнда кам вақт, кам маблағ сарфланадиган ва юқори самарадорликка эга бўлган комплекс амалий географик ва картографик тадқиқотлардан фойдаланган ҳолда келажакда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мумкин деб ўйлаймиз.

С.А.АВЕЗОВ, Урганч давлат университети
“Геодезия, картография, география” кафедраси мудири, г.ф.н.,
И.Б.ГУЛИММАТОВ, “Геодезия, картография,
география” кафедраси ўқитувчиси,
А.И.ХАЙИТБАЕВ, “Геодезия, картография,
география” ”кафедраси ўқитувчиси

Фойдаланилган адабиётлар.
1. Солиев А. Ўзбекистон географияси. – Т.: “Университет”, 2014.
2. Солиев А., Назаров М., Қурбонов Ш. Ўзбекистон ҳудудлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиши. – Т.: “Мумтоз сўз”, 2010.
3. Қурбонов Ш.Б. Кичик ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий географияси. – Т.: “Мумтоз сўз”, 2010.
4. Мирзалиев Т. Сафаров Э. Эгамбердиев А. Қорабоев Ж. “Карташунослик” – Дарслик; Т. 2012.
5. Мирзалиев Т., Мусаев И., Сафаров Э. “Ижтимоий-иқтисодий картография” – Т.; Янги аср авлоди; 2009.
6. Қурбанниёзов Р. “Хоразм географияси” – Урганч; 1999.
7. Ғуломов Я. Ғ. “Хоразм суғориш тарихи” – Т; ЎзФА; 1959.

Интернет манбалар:
1. www.divagis.org
2. www.stat.uz
3. www.xorazmstat.uz

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
PDF файл: