Дунё ва Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалиги ва унинг бугунги ҳолати

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг истеъмол савдо расталари пештоқида “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти” сўзларини кўплаб учратасиз. Бу асосан кўҳна европа савдо маркетларида аллақачон бренд даражасига чиқиб улгурди. Бундан шуни тушиниш мумкинки, дунё аҳолисининг органик маҳсулотларга бўлган талаби ортиб бормоқда.

Органик қишлоқ хўжалиги бу – экологик тоза маҳсулот етиштиришга қаратилган, ҳосил етиштиришда кўпроқ биологик ёндашувга асосланган кам миқдорда ёки умуман кимёвий ўғитлар, гербицид, пестидцит ва бошқа сунъий қўшилмалардан фойдаланмаган ҳолда, компостлар, кундалик органик чиқиндиларнинг компост ва верми компостлари, сидератлар, чорва гўнглари сингариларни қўллаб ҳосил олишдир.

Органик маҳсулот тушунчасининг яна бир кўриниши борки, бунда инсон аралашувисиз табиий ҳолда пишиб етилган маҳсулотлар ҳам экологик тоза маҳсулот ҳисобланади. Бундай маҳсулотлар кўпроқ инсонлар кам ташриф бюрадиган антропоген омиллардан ҳоли ва саноатлашмаган ўрмонлар, тоғли ҳудудларда пишиб етилади. Лекин, бу турдаги маҳсулотларнинг миқдори кам бўлиб, кўриниши унчалик ҳам бозорбоп ҳисобланмайди. Аграр тармоқда органик маҳсулот етиштириш зироатчидан жуда кўп меҳнат ва синчковликни талаб қилади. Шунга монанд тайёр маҳсулот таннархи ҳам анъанавий кимёвий ўғитлар қўллаб етиштирилиб олинган ҳосилга нисбатан сезиларли даражада қимматроқ саналади. Бу эса қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ўртасида ушбу турдаги истеьмол маҳсулотларининг етиштиришга бўлган қизиқиш ортиши, шу билан биргаликда тайёр маҳсулотга қўйиладиган талабни ҳам янада қатъийлашишига сабаб бўлмоқда.

Органик қишлоқ хўжалиги қуйидаги принсипларга асосланган (1):
- Саломатлик (соғлиқ учун зарарсиз маҳсулот етиштириш);
- Экологик (экологияга зарар кўрсатмасдан фаолият олиб бориш);
- Хаққонийлик (истеъмолчига алдовларсиз тоза органик маҳсулот тақдим қилиш);
- Ғамхўрлик (органик тоза маҳсулот етиштириш орқали инсонлар соғлиғи ва атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш).

FiBLнинг 2020 йил сарҳисобига бағишланган нашрига кўра, органик қишлоқ хўжалиги билан сертификат асосида маҳсулот етиштирувчи давлатлар сони 186 тани ташкил қилган. Экологик тоза маҳсулот етиштириладиган майдонлар ер юзида 71,5 млн. гектарни (2019 йил) ташкил этган. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар етиштириладиган майдонлар бўйича Австралия 35,7 млн. гектар майдонда маҳсулот етиштириш билан ушбу тармоқда пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Аргентина 3,6 млн. гектар ва Хитойда 3,1 млн. гектар ер майдонини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса органик маҳсулот етиштиришга ажратилган ер майдонлари 943 гектарни ташкил қилади (1-расм).

Юқоридаги маълумотлар шуни кўрсатадики, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириладиган майдон 2016 йилга нисбатан (11,7 млн. гектар) 20% рекорд даражада кенгайган. Ер юзида қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонларида ОҚХМ етиштирадиган майдонлар улуши 1,5 %ни ташкил этиб (2018 йил), ОҚХМ етиштириладиган майдонларнинг жами қишлоқ хўжалиги майдонларидаги улуши бўйича Лихтенштеин 38,5 %, Самао 34,5 % ва Австрия 24,7 % ташкил этиб, олдинга ўринларни эгаллаган (2-расм).

Ҳозирги кунда бутун дунёда 2,8 млн. органик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар мавжуд. 2018 йил маълумотларига таянган ҳолда дунё бўйича ОҚХМ етиштирувчилар сони бўйича Ҳиндистон 1149371 тани, Уганда 210352, Эфиопия 203602 тани ташкил этиб, мос равишда 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган. Юртимизда ушбу йўналишда фаолият юритувчилар сони энг кам фоизларни ташкил этган (2018 йил).

Органик маҳсулотлар ишлаб чиқишда қитъалараро улишига назар ташланса, Океания минтақаси органик маҳсулот етиштирадиган ер майдонлари бўйича қолган минтақалардан ажралиб туради. Бу кўрсаткич асосан Австралиядаги майдонлар ҳисобига тўғри келган. Ушбу кўрсаткичда Шимолий Америка минтақасида қолган минтақаларга нисбатан кам эканлиги, лекин ушбу минтақадаги давлатларда об-ҳавонинг ноқулайлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга тўсқинлик қилади (1-жадвал).

Дунё миқиёсида қишлоқ хўжалигининг ушбу йўналишида фаолият олиб бориш учун ажратилган ер майдонларининг кенгайиши тенденцияси қуйидаги тарзда ошиб борган (3-расм).

Юқоридаги статистик маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистонда ушбу органик маҳсулотларни етиштириш тармоғининг кенг миқёсда йўлга қўйилмаётганлиги қуйидаги асосий муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади:
- Органик ўғитларнинг нархи қимматлиги;
- Органик воситаларнинг (асалари, препаратлар, биологик ҳимоя воситалари) етишмаслиги;
- Ерларнинг гербитцид ва пестидцитлар билан аввалдан ифлосланганлиги ва уни тозалаш чоралари кўрилмаслиги;
- Фермерлар ўртасида тарғибот-малака ошириш ишларининг камлиги;
- Халқаро органик маҳсулотлар учун сертификатлаш тизмига ёрдамлашувчи ташкилотлар деярли мавжуд эмаслиги;
- Тайёр маҳсулотга янги бозор топишнинг мушкуллиги.

Юқоридаги муаммоларни бартараф қилишда юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонида республикада Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида: 2020 йил 1 октябрга қадар органик қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш тизимларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш бўйича “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш, Тошкент давлат аграр университетида “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш” йўналишида мутахассислар тайёрлаш учун ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқиш ва 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу йўналишда талабалар қабул қилишни йўлга қўйиш кабилар белгиланди.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Халқаро Органик қишлоқ хўжалиги фаолияти федерацияси IFOAMнинг “Тhe world of organic agriculture statistics and emerging trends 2020” материаллари.
2. www.ifoam.bio

Ф.Х.САРИМСАҚОВ,
“TUPROQSIFATTAHLIL” DUK Бош директори ўринбосари
Ш.М.ХОЛДОРОВ,
“TUPROQSIFATTAHLIL” DUK Бош мутахассиси

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
PDF файл: