Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш кадрлар сифатини оширишнинг муҳим омилидир

Аннотация. Мақолада бугунги кунда республикамиз учун юқори салоҳиятга эга бўлган кадрлар тайёрлашнинг муҳим йўналиши ҳисобланган фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга тўсиқ бўлаётган омиллар ҳамда шулардан келиб чиққан ҳолда ўқув жараёнини ташкил этишдаги мавжуд муаммолар, шунингдек ушбу интеграцияланишни кучайтириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар келтирилган.

Кириш. Илм-фан тараққий қилаётган республикамизда ҳам илмий тадқиқотларга, ҳам юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор берилаётган, олий таълим муассасалари сонининг ошиб бораётган бугунги кундаги асосий вазифалардан бири – таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш асосида олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари учун юқори сифатли, рақобатбардош кадрлар тайёрлашдан иборатдир. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3151-сонли ҳамда 2018 йил 18 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3702-сонли қарорларида қайд қилинган биринчи навбатдаги вазифалар қаторида айнан таълим муассасалари кафедраларини ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқаларни тиклаш, ўқув режалари ва фан дастурларини соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнларига мослаштириш, таълим беришда назарий ва амалиёт жараёнларига мослаштириш, таълим беришда назарий ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали олий таълим муассасаси битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш вазифалари қўйилган.

Масаланинг қўйилиши. Таҳлиллар узоқ йиллардан буён бундай интеграциянинг бўлмаганлиги оқибатида “Ер ресурсларини бошқариш” факультетида ўқитилаётган асосий фанларни ишлаб чиқаришда бажарилаётган амалий ишлардан анча узоқлашиб кетганлиги, таҳсил олаётган талабалар шарт-шароитларидан ва энг асосийси, ўқитилаётган дарсликлар ҳамда таълим бераётган профессор-ўқитувчилар салоҳиятидан ишлаб чиқаришни бехабар бўлиб қолаётганлиги оқибатида тайёрланаётган мутахассислар савияси паст бўлиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Бу ҳолат ишлаб чиқаришни назарийдан узилиб қолганлигини кўрсатади. Натижада, бугунги кунда ўқитилаётган баъзи дарсликларнинг айрим қисмларини эскириб қолганлиги, уларни ўрнига замонавий илғор тажрибалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритилмаганлиги сабабли тайёр мутахассисларни ишлаб чиқаришдаги мавжуд муаммоларни ўқишдаги билимсизлиги кузатилмоқда. Буларни қуйидаги таҳлиллар яна бир маротаба тасдиқлайди.

Хусусан, “Ер кадастри” фанидан амалий дарслар жараёнида бугунги кунга қадар жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ хўжалиги учун ажратиладиган ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарори асосида ва ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш эса 2014 йил 7 январдаги 1-сонли қарор талаблари асосида ўргатилиб келинмоқда. Бироқ, қишлоқ хўжалиги ер участкаларини бошқа мақсадлар учун ажратиш тартиб-тамойиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 63-сонли ва 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарорларининг талаблари асосида янги тартиб ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини ажратиш “E-ijro auksion” ААТ (автомотлаштирилган ахборот тизими) орқали амалга ошириш ҳамда ажратилган ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарори талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда ва бунинг натижасида Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат хизматлари ягона интерактив портали орқали ердан фойдаланувчиларга QR-кодли гувоҳномалар бериш тартиби ўрнатилган. “Ер тузишни лойиҳалаш” фанидан “Ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер ажратиш ва уни асослаш” мавзусида бажарилаётган курс иши дарсларида ҳам ҳалигача юқорида қайд қилинган тартиб тамойиллар сақланиб қолинмоқда. “Ҳудудларни муҳандислик жиҳозлаш” фанининг амалий дарслари таркибини, фикримизча тўлиқ қайта ишлаб чиқиш зарур, негаки бугунги кунда ўқитилаётган дарслар мазмуни анчагина эскирган. Фикримизча, ҳудудларни муҳандислик жиҳозлашнинг асосий мақсади – битта маҳалла фуқаролари йиғини ёки битта қишлоқ хўжалиги массивининг Бош плани асосида муҳандислик-коммуникация тармоқларини жойлаштириш, уларни ҳудудлар бўйлаб қулай тарзда олиб ўтиш, темир ва автомобиль йўлларини қулай ва хавфсиз қатновлари учун муносиб лойиҳалар ишлаб чиқиш, Бош планларнинг маълум бир қисмларини лойиҳалаш кўникмаларини олишдан иборат.

Бугунги кунда иқтисодий тармоқларда ёш малакали мутахассис кадрларга бўлган талаб ошиб келмоқда. Бундай кадрлар замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан хабардор бўлиши, электрон дастурлар билан бемалол ишлай олиши жуда муҳимдир. Бироқ, бугунги кунда ўқиш жараёнида бундай дастурларни талабаларга ўргатиш ҳам яхши йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Шуни айтиш жоизки, амалиётда Давергеодезкадастр қўмитаси ва унинг қуйи тизимларида, ишлаб чиқариш корхоналарида қатор дастурлар, жумладан, GeoniCS-2015, Credo DAT, Trimble Business center, “AutoCad”, 1-C, CorelDraw, Mapinfo, E-xat, “YERELEKTRON” AAT, ArcGis, Panoramma ва бошқа бир қатор дастурлардан кенг фойдаланилади, уларнинг аксарият иш фаолиятлари шундай дастурлар билан узвий боғлиқдир. Аммо, институтда ўтилаётган амалий дарсларни асосан назарий асосларга суянганлиги, компьютерсиз ва дастурларсиз бўлаётганлиги талабаларни бу соҳада етарли кўникмаларини таъминлай олмайди.

Натижалар ва тавсиялар. Юқорида қайд қилинган камчилликларни бартараф этиш ва шу асосда тайёрланаётган кадрлар сифатини яхшилаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини кўтариш учун, фикримизча, қуйидагиларни йўлга қўйиш зарур:
- Олий таълим муассасасининг асосий вазифаси соҳалар учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўлса, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам бу масалага жиддий ёндашган ҳолда ўзлари кадр оладиган олий таълим муассасаларининг, кафедраларини моддий-техника базасини мустаҳкамлашда, уларни зарурий электрон дастурлар билан таъминлашда аниқ амалий ёрдам кўрсатишлари мақсадга мувофиқ бўлади;
- Давергеодезкадастр қўмитаси, унинг қуйи тизимлари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг етакчи мутахассислари билан факультет профессор ўқитувчиларининг камида ҳар чоракда икки маротаба учрашувларини ва бунда соҳада юз бераётган ўзгаришлар, кириб келаётган янгиликлар тўғрисида ахборотлар алмашинувини ташкил этиш бугунги тезкор ўзгараётган техника ва технологиялар муҳитида профессор-ўқитувчиларни замон билан ҳамнафас тарзда талабаларга билим беришларини таъминлаган бўлар эди;
- Таълим йўналишларининг ўқув режаларида гуманитар фанларни деярли 2 маротаба қисқартириш ва уларнинг ўрнига кўпроқ мутахассисликни шакллантирувчи ўқув фанларини киритиш ёки бугунги кунда мутахассисликлар бўйича ўқитилаётган асосий фанларнинг ўқув соатларини кўпайтириш, бизнингча мақсадга мувофиқ. Гуманитар фанлардан олинадиган билимлар асосан қўшимча маълумот учун хизмат қилади, шунинг учун бундай фанлардан дарслар асосан 3-4 жуфтлик маърузалар бўлиши, бу дарсларда талабаларни баҳолаш тизими ихтисослик, мутахассис фанларники каби бир хил бўлмаслиги ёки ушбу фанларда умуман баҳолаш меъёрлари қўлланилмаслиги зарур. Талабаларнинг аксарият вақти мутахассислик фанлар бўйича кўникмаларни ошириб бориши, ўз устида ишлаши, янги инновацион ишланмалар, ихтиролар, янги дастурлар, илмий-лойиҳалаш ишлаб чиқиши учун сарфланиши зарур;
- Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интергациясини таъминлаш учун ишлаб чиқариш корхоналарининг раҳбарлари бу масалага жиддий ёндашишлари зарур. Айнан таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги бирлашиб қилинган саъй-харакатлар натижасида етук кадрлар тайёрлаш мумкин бўлади;
- Мутахассис чиқарувчи кафедралар фанларнинг ўқув дастурлари, ишчи ўқув дастурлари кейинги ўқув йилидан бошлаб ишлаб чиқариш корхоналарининг етакчи мутахассислари томонидан жиддий ўрганиб чиқиши ва бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириши, ўқув жараёни ушбу ўзгартирилган ўқув дастурлари асосида ташкил этилиши керак;
- 3 курсдан кейин ташкил этиладиган ишлаб чиқариш амалиётининг муддатини 2 баробарга кўпайтириш ва амалиётда талабалар аниқ ишлаб чиқариш масалаларини ҳал қилишга жалб қилиш, бунда уларга ишлаб чиқаришнинг етакчи мутахассисларини раҳбар сифатида бириктириш, шунингдек ҳар бир талабани амалиётини тўла ва юқори сифатда ўтишларини, талабаларни дала ишларига, яъни ерларни мониторинг қилиш, ер тузиш лойиҳалаш ишларини олиб бориш, ер ажратиш, ҳудудларни йўқламадан ўтказиш, инвентаризациялаш ишларига ҳам алоҳида ва кенг миқёсида жалб этиш, зарур ҳолларда иқтидорли талабаларни чет элларга хизмат сафари таркибига қўшган ҳолда олиб бориш зарур.

Хулоса. Шундай қилиб юқоридаги фикр-мулоҳазалар асосида қисқача хулоса қилиш мумкинки, бундан буён фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциясини қоғозда эмас, балким амалда амалиётда ҳаққоний тарзда йўлга қўйиш ҳамда доимий ривожлантириб бориш орқалигина бугунги бозор иқтисодиёти шароитларига тўла жавоб берадиган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мумкин бўлади ва бу бугунги замон талаби ҳамдир.

Фойдаланилган адабиётлар.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3151-сонли Қарори.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3702-сонли Қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 63-сонли қарори.

Б.Р. ОТАБЕКОВ,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш
муҳандислари институти
Ердан фойдаланишни бошқариш факультети талабаси

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2020-сонида чоп этилди

Категория: 
Тип публикации: