Кадастр ёки ер ресурсларини бошқариш тизими: Малайзия мисолида

Кириш

Малайзияда кадастрни рўйхатга олиш тизими ер участкаларига асосланган тизим бўлиб, табиатан, у 2D тавсифли хусусиятига эга. Малайзиянинг мазкур кадастр ахборот тизими ўнлаб йиллар давомида фойдаланувчиларнинг аксарият қисмига хизмат кўрсатиб келган. Аммо, яқин келажакда, 2D маълумотлари энди жамиятга етарлича хизмат қила олмаслиги мумкин, айниқса мураккаб вазиятларда, масалан, баъзи йирик шаҳар ва қишлоқлардаги йўллар устидаги бинолар маълумотларини акс эттиришда тўлиқ жавоб бера олмайди. Бинолар, коммунал тармоқлар ва бошқа кўламли жойлар атрофидаги ҳуқуқий эгалик майдонлар каби кадастр объектларини уч ўлчовли (3D) моделлаштириш Малайзия кадастр тизимининг келажакдаги асосий жиҳатларидан бирига айланди. Малайзиянинг 3D кадастр моделини Ер ресурсларини бошқариш тизими (LADM) доирасида ишлаб чиқиш мумкин, бунда Малайзиянинг кадастр тизими учун концепциясига мос келадиган UML моделини яратиш масаласини кўриб чиқиш мумкин бўлади. LADM мақсади мавжуд тизимларни алмаштириш эмас, балки уларнинг ўхшашликлари ва фарқларини яхшироқ тушуниш учун турли хил қуйи тизимларни тавсифлаш учун “расмий тил”ни таъминлашдир (ISO 19152 2012).

LADM ер ресурсларини бошқаришнинг фазовий (яъни, LA_Spatial Unit) ва маъмурий (яъни, LA_Party, LA_RRR ва LA_BAUnit) жиҳатларини қамраб олади. LADMни қўллашнинг асосий сабаби ер ресурсларини бошқаришдаги кўплаб давлатларнинг мавжуд тажрибавий билимларидан фойдаланган ҳолда аниқ концептуал ечимга эга бўлишдир. Малайзия мамлакати учун бир вақтда 2D ва 3D ўлчамли ечимлардан фойдаланиш ўринлидир. LADMда 2D ва 3D ўлчамли маълумотлар изчил равишда ишлов берилади. Тушиниш муҳимки, 3D ўлчамли жисмоний объектнинг ўзи ва мазкур объект билан боғлиқ ҳуқуқий эгалик майдони ўртасида фарқ мавжуд. LADM фақат “ҳуқуқий эгалик майдон”ни, яъни ер ресурсини бошқариш учун тегишли майдонни қамраб олади. 2D ёки 3D ўлчамда объектни кадастр бўйича рўйхатга олишда ер участкаларини рўйхатдан ўтказиш учун барча кўчмас мулк объектлари текширувдан ўтказилганлик ҳужжатига (яъни, LA_SpatialSource) эга бўлиши керак, ва унда кўчмас мулк объекти қайси майдонга тегишли эканлиги аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

Нур Амалина Зулкифли, Алиас Абдул Раҳмон, Муҳаммад Имзан Ҳассан ва Тан Лиат Чун (Малайзия технология университети, Геоахборот бўлими)лар томонидан тайёрланган ушбу мақолада Малайзиянинг ер ресурслари сиёсатининг баъзи ҳуқуқий жиҳатлари баён қилинади, Малайзиянинг ҳозирги кундаги мавжуд бўлган eCadastre ва eLand каби кадастр тизимлари келтирилган. Шунингдек, Малайзиянинг LADM тизимининг ривожланиши (яъни, фазовий ва маъмурий қисмлари) келтирилган.
.

Малайзиянинг ер сиёсати

Малайзияда ер ресурсларини рўйхатга олиш тизими ерга эгалик қилиш ҳуқуқини рўйхатга олиш орқали ер ҳуқуқини қайд этиш учун хизмат қилади. 1957 йил мамлакатнинг Федерал Конституциясига биноан, ер масалалари штатлар ҳукуматларининг ихтиёрида бўлиб, тегишли давлат реестри ёки туман ер ресурслари бошқармаси томонидан ҳал этилади, бунда ерга эгалик ҳуқуқи ҳужжати аввал қаерда рўйхатдан ўтказилган бўлса, шу жойдан ҳал этилади. Бу 1957 йил Федерал Конституциясининг 13-моддасида (мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисида) кўрсатилганидек кафолатланган.

Ерга эгалик ҳуқуқи 1965 йилдаги Миллий Ер Кодекси билан тартибга солинади ва у Торренс тизимига асосланади. Яъни, 1965 йилдаги Миллий Ер Кодексининг 340-бўлими билан ҳимоя қилинади. 1965 йилги Миллий Ер Кодексида ер таркибига қуйидагилар киради: ер юзаси (шу жумладан ҳаво бўшлиғи) ва шу юзадаги барча ташкил этувчи моддалар; ер остидаги ер ва унинг сиртидаги барча моддалар; барча ўсимликлар ва бошқа табиий маҳсулотлар; ерга боғланган ёки ерга бириктирилган барча нарсалар; ҳамда сув билан қопланган ерлар.
.

Қатламларга оид ҳуқуқлар

Малайзиянинг ер қатламига эгалик ҳуқуқини рўйхатга олиш 1965 йилда Миллий Ер Кодексининг 355- ва 374-бўлимларига биноан 1966 йилдан эътиборан жорий этилган бўлиб, кодекснинг мазкур бўлимларига кўра икки ёки ундан кўп қаватга эга иншоотнинг ҳар бир ер участкасига қўшимча ҳуқуқлар тадбиқ этилган. 1965 йилдаги Миллий Ер Кодексидаги ушбу қоидаларнинг номувофиқликларини соддалаштириш ва бартараф этиш учун Миллий Ер Кенгашининг Текшириш Қўмитаси томонидан муҳокама қилиниб, қатлам номларига оид алоҳида қонун ҳужжатларини қабул қилиш тавсия қилинди ва 1965 йилдаги Миллий Ер Кодексидаги қўшимча ҳуқуқлар тўғрисидаги қоидалари бекор қилинди ва 1985 йил Қатламларга мулк ҳуқуқи тўғрисидаги қонун (318-қонун) билан алмаштирилди.

Ушбу қонун 1985 йилда кучга кирди. Гарчи қатлам номлари тўғрисидаги қоидалар ҳозирда 318-сонли қонунда мавжуд бўлсада, ушбу янги ҳужжат ҳали ҳам 1965 йил Миллий Ер Кодексининг қоидалари ва талаблари билан биргаликда ўқилиши ва изоҳланиши керак бўлмоқда. 2013 йилда тузатиш киритилган ушбу қонунда ер участкалари эгаларининг манфаатлари бўйича электрон бошқариш тизимини жорий этиш, чекланган умумий мулкни белгилаш ва ер участкалари эгаларининг турли манфаатларини ифода этадиган бир ёки бир нечта ёрдамчи бошқарув корпорацияларини яратиш кўзда тутилган.

Малайзияда асосий участка қатлами ҳуқуқи тузиш учун уни кичикроқ қисмларга бўлган ҳолда бўлиш мумкин. Натижада, участка объектлари ва ер участкаси ҳуқуқларига бўлиниши мумкин. Ҳар бир участка ва ер участкаси алоҳида бинодан ёки уйдан иборат бўлиши мумкин. Ер участкаси деганда, участка ичида белгиланган тўрт қаватдан кўп бўлмаган, умумий ертўладан иборат бўлган қўшимча ер участкаси ва умумий мулкда бўлган мулк тушунилади. Ер участкаларига ажратиш учун мўлжалланган бино, қурилиш зонасида икки ёки ундан ортиқ қаватли бўлган ва ер участкаларига бўлиниш учун мўлжалланган ҳар қандай бино ёки иморатлар ҳисобланади.

1-расмда Малайзияда турли хил қатлам бўйича объектларнинг турлари кўрсатилган. Бўлинган бинога нисбатан ер участкаси, унда алоҳида қават номи остида жойлашган алоҳида бўлинмалардан бири (квартира ёки умумий фойдаланиладиган уй) тушунилади. Қўшимча мослама - участка режасида кўрсатилган, участка билан биргаликда ишлатиладиган ёки ишлатилиши мўлжалланган бирлик. Умумий мулк - бу бирон бир бирликка (шу жумладан ҳар қандай қўшимча мосламага) кирмайдиган қисмнинг кўп қисмини англатади. Чекланган умумий ҳуқуқ - бу бир ёки бир нечта қатламларнинг эгалари эксклюзив фойдаланиш учун мўлжалланган умумий мулк. Ер участкаси деганда участка ичида ажратилган (тўртта қаватдан кўп бўлмаган бино жойлашган) участка номи остида жойлашган ва умумий ертўла (подвал)га, қўшимча жиҳозга ва умумий мулкка эга бўлган бирлик тушунилади.
.

Ер ости ҳуқуқлари

Ер остидаги мулк сифатида ер юзасидан пастда жойлашган ерлар билан боғлиқ ишларни олиб боришни, ҳамда ер ости қатлами эса ер ости ерларининг кубик ўлчамдаги қатламини англатади. 1965 йилдаги Миллий Ер Кодексининг 44(1)(а)-бўлимида айтилишича, ер усти остидаги ерлардан фақат эксклюзив фойдаланиш фақат қонуний тарзда ва сабабли эҳтиёж туфайли фойдаланиш мумкин, шунингдек фойдаланиш маълум чуқурлик билан чекланган. 1965 йил Миллий Ер Кодексининг 92В-бўлимига ва 92Е-бўлимига биноан, давлат ҳокимияти ер ости ерларини бундай ер ости ерларининг тўғридан-тўғри ва зарурий шошилинч фойдаланиш ҳамда бегоналаштирилган ерлардан фойдаланиш мумкин бўлган чуқурликни ва ҳар хил қисмларга нисбатан турли хил чуқурликларни белгилаши мумкин. Шундай қилиб, 2006 йилда Миллий Ер Кодексига (ер ости ерлари бўйича минимал чуқурлик) 1965 йилдаги Миллий Ер Кодексига нисбатан бундай ер ости ерларининг минимал чуқурлигини белгилаш киритилган. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш учун қўмита томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш тоифасига ер сатҳидан камида олти метр чуқурлик таклиф қилинган. Қурилиш ва саноат ерларидан фойдаланиш тоифаси учун минимал чуқурликни ўрнатиш ер юзасида қуриш учун қурилиш қозиқлари чуқурлигига боғлиқ. Бинонинг турига қараб, ер ости ерларини ажратиб олишнинг минимал чуқурлиги турар-жой бинолари учун ер юзасидан ўн метр, саноат иншоотлари учун ўн беш метргача белгиланади.
.

Маҳаллий (хусусий) ҳуқуқлар

Ушбу кичик бўлимда Малайзиянинг ерни бошқариш тизимидаги хусусий ҳуқуқлар тушунтирилади. 1965 йилги Миллий Ер Кодекси (56-қонун) фақат Малайзия ярим оролида ва Федерал ҳудудларда амал қилади. Малайзиянинг Сабаҳ ва Саравак штатлари иккаласи ҳам ўзларининг "Ер қонунлари"га эга. Малайзиянинг хусусий ҳуқуқлари Малайзиянинг Федерал Конституцияси билан тартибга солинмайди, лекин давлат ҳокимияти томонидан бошқарилади, чунки хусусий ҳуқуқлар давлатнинг ер масалалари ҳисобланади. Малайзиянинг хусусий ҳуқуқларидан олдин, ушбу ҳуқуқларни ҳанузгача амалга ошириб келаётган штатлар қуйидагилардир: Мелака, Негери Сембилан, Сабаҳ ва Саравак. Хусусий ҳуқуқлар фойдаланиш бўйича олинади ва маҳаллий аҳолига тегишли бўлади. Ушбу хусусий ҳуқуқларнинг ҳар бири тарихий тафовутлар сабабли ер тузиш ва ерни бошқариш тизимлари жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.

Аксарият Малайзиянинг тубжой аҳолиси, гарчи улар тобора кўпроқ шаҳар ҳудудларида яшасаларда, ҳанузгача узоқ туманларда истиқомат қилишмоқда. Кўпчилик ов қилиш, балиқ овлаш, деҳқончилик ва ўрмон маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишади. Саравак штати аҳолисининг 71,2 фоизини ташкил этувчи 28 тубжой халқлар мавжуд; Малайзия ярим оролидаги 13 маҳаллий аҳоли гуруҳининг сони 200000 кишини (2010 йил ҳисобига кўра) ёки Малайзия ярим оролининг аҳолисининг 0,8 фоизини ташкил қилади. Сабаҳда 39 та этник гуруҳ штат умумий аҳолисининг 61,22 фоизини ташкил қилади.

Босқинчилик ва ерни эгаллаб олиш тўғрисидаги аризалардан тортиб турли шикоятлар; ўрмон ёки ҳиёбон ва қўриқхоналарига киритилган ерлар; маҳаллий ёки жамоат қўриқхоналарини бериш тўғрисидаги сўровнинг секин кўриб чиқилиши бир-бирининг устига тушган даъволар сифатида тўпланиб қолаверади. Муаммонинг аксарияти ҳокимият томонидан маҳаллий халқнинг азал ерлари ёки хусусий ерларини ташкил этувчи контцепцияни тан олинмаслигидан келиб чиқади, бу ерларнинг катта қисми тегишли давлат идораларида хусусий ер сифатида ҳали рўйхатга олинмаганлиги эса жамоатчилик томонидан маълум жараёнларини билмаганлиги ёки тушунмовчилигини келтириб чиқаради.
.

Малайзия кадастр тизими

Малайзияда кадастр тизимини бошқариш ва юритиш учун жавоб берадиган иккита ташкилот мавжуд, улар “Ерлар ва шахталар бош бошқармаси” ҳамда Малайзиянинг Геодезия ва картография бўлими (DSMM). 2-расмдa кўрсатилгандек, иккала бўлим ҳам Табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазирлигига қарайди. DSMM объектнинг кенглиги, ўлчами ва жойлашишини аниқлаш учун кадастр суратга олиш ишлари билан шуғулланади. Шунингдек, DSMM Тасдиқланган режаларни (CPs) тайёрлаш, кадастр участкаларини суратга олиш ва хариталашни ўз ичига оладиган фазовий таркибий қисмларни ишлаб чиқиш ва бошқариш учун масъулдир. Маъмурий (юридик) маълумотлар ер тузиш идоралари зиммасида. Ер тузиш идораси мулкни рўйхатга олиш билан шуғулланади.

2-расм. Малайзияда ер тузиш бошқарувининг ташкилий тузилмаси

Бу иккита мустақил тизим ва улар 2D шаклда. Ер кадастри объекти ва DSMM ҳужжатларини боғлаш учун “Уникал участка идентификатори” (UPI) жорий этилган бўлдиб, унда ҳар бир кадастр объекти бошқа кадастр объектларидан фарқлаш учун уникал идентификация рақамига эга.

Малайзия ярим оролида амалда бўлган анъанавий кадастр тизими бир-бирига боғланган тизим бўлиб, участкалар ва ер участкаларининг асосий ери ва мулки тўғрисида маълумот беради. Малайзияда мавжуд бўлган кадастр суратга олиш ва хариталарни рўйхатга олиш тизими ва ерларни рўйхатга олиш тизими нафақат ер сирт сатҳида, балки ер сатҳидан юқорида ва пастда жойлашган мулкларга тегишли. Шунинг учун, ер участкаси эгасининг ҳуқуқлари ер сиртидан юқоридаги ҳаво қисмига ҳам ва ер ости қисмига ҳам қўлланилади.

Малайзияда тасдиқланган кадастр харитаси "Тасдиқланган режа" (CP) деб номланади. Уч турдаги тасдиқлаган режалар мавжуд. Биринчидан, тасдиқланган режа (ер участкаси) стандарт форматда ишлаб чиқилган бўлиб, масалан, устунлар, масофалар, майдонлар, лотлар сонлар, чегара белгилари, қўшни участкалар билан кесишиши ва иккита чегара белгиларининг координаталари, шунингдек бошқа тегишли маълумотларни белгилар ва бошқа тегишли маълумотларни тақдим этишга, шунингдек қатламларни ва қатламларни бегоналаштириш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга имкон беради. Тасдиқланган режада (кўп қаватли бино / ер участкаси) ер участкалари, ер участкалари рақамлари, бинолар қатлами чизмасида яшаш чегара ўлчамлари, бинонинг баландлиги, қават / этажлар сони ва қатламлар бўйича қўшимча маълумотлар мавжуд. Малайзияда eCadastre жорий этилиши амалга оширилгандан сўнг, Тасдиқланган режада (кўп қаватли бино / ер участкаси) ҳеч қандай ўзгариш қилиб бўлмайди. Шунингдек, Тасдиқланган режада ер ости ҳажмли ер участкаларининг чуқурлиги ва ўртача қават (қатлами) ҳақида қўшимча маълумотлар мавжуд.

Тасдиқланган режа ер участкалари чегараларини белгилашга оид дастлабки ҳужжат бўлиб ҳисобланади ва 1965 йилдаги Миллий Ер Кодексида унинг роли ва мақоми тўғрисида аниқ қоидалар акс эттирилган (56-сонли қонун). Ушбу қонун Тасдиқланган режа мавжудлигига жуда муҳим аҳамият беради, агар режа чегаралар, чегаравий белгилар ва майдонлар кўрсатилган ҳолда DSMM томонидан тасдиқланмаган бўлса, у ҳолда ер текширилмаган деб ҳисобланади.
.

eCadastre

Малайзия ҳукуматининг мақсади ҳар соҳада 2020 йилга келиб ривожланган давлатга айланишдир, бу турли даражадаги самарали этказиб бериш тизимларини жорий этиш ва амалга оширишни ўз ичига олади. Электрон кадастр (eCadastre) лойиҳаси Малайзиянинг “9-чи Ривожлантириш режаси” (2006-2010 йиллар) доирасида амалга оширилади. Бу DSMM томонидан тасдиқланган ва 2016 йилга қадар “тўлиқ рақамли Малайзия”га эришишни мақсад қилган. Электрон кадастрнинг асосий мақсади – бу ерга эгалик ҳуқуқини ўрганиш учун этказиб бериш тизимини тезлаштиришдир. Бу миллий миқёсда қарасак, Географик ахборот тизимлари (GIS) фойдаланувчилари учун мос бўлган аниқ маълумотлар базасини яратишни талаб этади. Электрон кадастрда учта асосий таркибий қисм мавжуд: Мувофиқлаштирилган кадастр тизими (CCS), Виртуал сўров тизими (VSS) ва Кадастр маълумотларининг яхлитлик тизими (CDIS). CCSни жорий этиш электрон кадастр лойиҳасининг муҳим қисми ҳисобланиб, бу жараёнларни камайтириш ва рақамли технологиялардан фойдаланишни кўпайтириш учун дала ва офис жараёнларининг реинжинерингини ўз ичига олади.

1995 йилдан бошлаб, DSMM томонидан модернизация дастури амалга оширилди, бу унинг кадастр суратга олиш бўлими томонидан дала ва офис ишларини автоматлаштиришга имкон берди. Барча ер участкалари ҳақидаги аниқ тасвир маълумотларини олиш орқали рақамли кадастр маълумотлар базаси яратилди. Электрон кадастр лойиҳаси бўйича янги геомаркаий маълумотлар базаси асосида ер участкаларининг ишини ҳар томонлама умумлаштириш амалга оширилади. Аниқ геомарказий жойлашишни таъминлаш учун eCadastre лойиҳаси орқали амалга ошириладиган аниқ вақт геометрик жойлашишни таъминлаш учун CCSнинг “Кинематик глобал жойлашишни реал вақт аниқлаш тизими” (RTKGPS)нинг доимий станциялари деб номланувчи зич тармоқ модели яратилди.

Мавжуд кадастр суратга олиш тизими сунъий йўлдош асосида ишлайдиган технологиялар эвазига маблағ талаб этади. Аммо, бу янги услуб кадастр суратга олишнинг турли жараёнларини: чизмаларни тақдим этиш, режалаштириш, дала тасвир маълумотлари, сифат назорати, тугалланган ишни топшириш ва тасдиқлаш каби ишларни мобил телекоммуникация тармоғи орқали масофадан туриб амалга оширишга имкон беради. Глобал позициялаш тизими (GPS) сантиметр аниқлик билан бутун мамлакат бўйлаб бир вақтнинг ўзида аниқ жойлашишни таъминлайди ва координаталар чегара белгиси жойлашувнинг якуний исботи сифатида акс этади.
.

eLand

Малайзиянинг Табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазирлиги (NRE) ерларни тузиш ва бошқаришнинг компьютерлаштирилган ҳолда амалга ошириш учун Ер ресурсларини бошқаришнинг электрон тизими (eLand) деб номланувчи автоматлаштирилган тизимни яратди. eLand интеграциялашган АКТ инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда Малайзия ярим оролида ер ресурсларини бошқариш ва ер билан боғлиқ хизматларни кўрсатишни яхшилаш учун ишлаб чиқилган. Ҳозирги вақтда Малайзиянинг Табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазирлиги томонидан ер маълумотларини бошқариш борасида иккита тизим жорий этилган, улар "Ерни рўйхатга олишнинг автоматлаштирилган тизими" (CLRS) ва "Ер даромадларини йиғиш тизими" (LRCS). Иккала тизим Малайзия ярим оролидаги ҳам барча давлат ерлари ва шахталар идораларида ва Туман ер идораларида ишлатилмоқда.

eLand электрон тизимининг асосий мақсади ер билан боғлиқ барча тадбирларни такомиллаштириш ва давлат секторида электрон ҳукуматни жорий этишни амалга ошириш учун ер участкалари бўйича комплекс тизимни яратишдир. Бундан ташқари, eLandнинг мақсади миллий ривожланишнинг ўсишини таъминлаш учун АКТ орқали ер ресурсларини бошқаришнинг миллий тизимини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир. eLand - бу ерга оид барча битимлар бўйича аҳолига хизмат кўрсатиш тезлиги ва сифатини ошириш мақсадида ер участкаларини бошқариш ва маъмурлаштиришни амалга оширадиган яхлит ва тўлиқ автоматлаштирилган тизим. Шунингдек, eLand аҳолига Интернет орқали тўловларни амалга ошириш ва тўлов квитанцияларини босиб чиқариш, ўз ери тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ҳоказоларни амалга оширишга имкон беради.

Бундан ташқари, eLandда Миллий Ер Кодексига мувофиқ 85 асосий бизнес-жараёнларга эга тўққизта асосий модул мавжуд. мавжуд жараёнлар ва процедураларни ҳисобга олган ҳолда eLand томонидан қўллаб-қувватланадиган бизнес жараёнлар мавжуд АКТ инфратузилмасидан максимал даражада фойдаланишни таъминлайди. eLand мавжуд CLRS ва LRCS тизимлари билан мос равишда интеграциялаштирилади. Лойиҳанинг асосий йўналиши амалдаги қонунларга ўзгартиришлар киритмасдан амалга ошириладиган асосий жараёнларга қаратилган. Амалдаги қонунларга киритилиши талаб қилинган ҳар қандай ўзгартиришлар кейинчалик амалга оширилади. Бироқ, модуллар ва eLand мавжуд қонунларга киритиладиган ўзгаришлар туфайли тизимдаги мумкин бўлган ўзгаришларни ҳал қилиш учун мослашувчан бўлиши лозим.

Умуман олганда, модул қурилиши дастурларни ишлаб чиқишда энг яхши тажрибаларга асосланади. Тизимда фойдаланиш қулайлиги, мониторинг имконияти, кенгайтиришлик, хавфсизлик ва мослашувчанлик каби жиҳатларга урғу берилган. Модулнинг ушбу фундаментал асосий дизайн ва умуман eLandнинг жиҳатлари тизимда мавжуд ва келажакдаги эҳтимолий талабларни бажаришга қодирлигини таъминлайди.
.

Малайзия ер ресурсларини бошқариш тизими

Малайзия мамлакатининг профилини ишлаб чиқиш DSMM ва Ер тузиш идоралари ходимларидан олинган “Фойдаланувчи талабларининг таҳлили” (URA)га асосланади. Ушбу таҳлил кадастр ташкилотлари томонидан ташкиллаштирилган семинар ва йиғилишлар натижасида юзага келади. Семинарлар давомида кўплаб таклифлар ва фикрлар тўпланади ва муҳокама қилинади (масалан, кенг қамровли, 3D lot, BAUnit, қатламли объектлар, 2D топологияси, оралиқ нуқталар, фазовий манба, маъмурий манба, қават, тоифа, идентификатор, кодлар рўйхати, улуш, атрибут чеклашлар, индекслаш, CRS ва UoM аниқ ёки ноаниқ кодлаш). Барча таклифлар LADMнинг концептуал қисмида инобатга олинади.

“MY_” – бу фазовий ва маъмурий (ҳуқуқий) маълумотларни моделлаштиришни ўз ичига олган Малайзия мамлакати профилининг префикси. Малайзия моделидаги барча синфлар тўғридан-тўғри ёки билвосита (мерос олиш орқали) LADM синфларидан олинган. LADM синфларидан келиб чиқишини намойиш қилиш учун, “MY_” синфи ёки юқоридаги ўнг тараф бурчагидаги ётиқ (курсив) билан ёзилган “LA_” синф билан, ёки диаграммада аниқ кўрсатув ўқи билан кўрсатилган.
.

Тизимнинг фазовий қисми

Малайзиянинг LADM профилида фазовий бирликлар 2D ёки 3D шаклида бўлиши мумкин. Анъанага кўра, участкалар (ер участкалари) 2D кўринишда, аммо ер ости қисми эса аллоқачон ҳажмли тавсифга эга бўлган 3D тасвирга эга. Модель жуда кўп атрибутларга эга бўлган абстракт синф MY_GenericLotни тақдим этиб, бу синфда ўзига хос хусусиятларга ва тузилишга эга бўлган иккита махсус MY_Lot2D ва MY_Lot3D мавжуд. Ҳозирги вақтда MY_Lot2D 2D топологиясига асосланган бўлиб, у умумий чегараларни (MY_BoundaryFaceString) кўрсатиб беради.

Эътибор беринг, Малайзиянинг LADM тизими профилида ётиқ (курсив)да кўрсатилган бир нечта абстракт синфлар мавжуд: MY_SpatialUnit, MY_Shared3DInfo ва MY_GenericLot. Ушбу синфлар фақат моделлаштириш жараёнини қўллаб-қувватлайдилар, улар умумий атрибут ва тузилмаларни ифодалайди ва бу абстракт синфлар ҳеч қандай намуналарни келтириб чиқармайди (ва шу сабабли маълумотлар базасида бу борада амалга оширишга доир тегишли жадвал йўқ). MY_Shared3DInfo учун геометрия атрибути мавжуд (GM_Solid типидаги). Одатда LADMдаги 3D геометрияси LA_BoundaryFaceда тақдим этилади, аммо 3D топологияси ишлатилмаслигини ҳисобга олсак, фазовий бирликда бирга-бир алоқа мавжуд (MY_Shared3DInfo ихтисослашувларидан бири). Шундай қилиб, таклиф этилаётган мамлакат профилини LA_BoundaryFace синфи йўқлигига қарамай, ISO талабига мос келади, деб тахмин қилиш мумкин.

Моделни ҳар томонлама ва келажак учун барқарорлигини таъминлаш учун кенг фазовий бирликлардан фойдаланилади. Шуни таъкидлаш керакки, ажратилган ерлар (ўрмон, ёввойи табиат) ўзларининг шахсий қайд рақамига эга бўлиб, одатда бир-бири билан тўқнашмайди, лекин баъзи ҳолатларда уларнинг ҳолати ва турига қараб бир-бирининг устига чиқиши мумкин. Захираланган ерларнинг фазовий тавсифи матн ёки эскизлар билан тузилган бўлади.

Фазовий бирликларнинг ҳар хил турлари даражаларда ташкил этилган. Ушбу моделда MY_ Level синфи турли хил фазовий бирликларни ташкил қилиш учун ишлатилади. MY_ Level учун фазовий бирликнинг даража турини тавсифловчи русум атрибути мавжуд. Фазовий бирлик тури одатий, участка (аралаш ер ва йўл), бино (қисмлар, қатламлар) ва фойдаланишни ўз ичига олади. Ушбу атрибут учун код рўйхати учун MY_LevelContentTypeга ҳавола қилиш мумкин.

Асосан, MY_ Level – бу геометрик ёки тематик уйғунликка эга фазовий бирликлар тўпламидир. Бунда қуйидаги даражалар таклиф этилади: одатий учун 0-даража, захираланган ерлар учун 1-даража, 2D лотлар учун 2-даража, 3D лотлар учун 3-даража, қатламлар учун 4-даража ва фойдаланиш учун 5-даража. Янада аниқроқ билиш учун жалб қилинган синфларга чеклов қўшилди (синфлар диаграммасининг учинчи майдон белгиси). Мисол учун, MY_Customary қуйидаги чекловга эга: “MY_Level.name = ‘level 0’ (3-расм)

Фазовий манба ҳужжатлари (одатда Тасдиқланган режалар) мавжуд бўлганда, фазовий бирлик ва нуқта жадваллари билан алоқалари мавжуд, яъни: MY_SpatialSource MY_SpatialUnit ва MY_Point билан алоқага эга. Малайзиянинг LADM профили фазовий бирлик учун suID ва фазовий манба учун sIDдан фойдаланади. Асосан, Малайзиянинг LADM профилидаги sID уникал участка идентификаторига (UPI) асосланган. фазовий манба учун sID – бу тасдиқланган режа рақами ҳисобланади.

Малайзияда одатда BAUnit ва фазовий бирлик ўртасида бирга-бир муносабатлар мавжуд. Бироқ, баъзи бир ҳолатлар мавжудки, битта BAUnit бир нечта фазовий бирликларга эга, масалан: қишлоқ хўжалиги ерлари аҳоли уй-жойлари билан бирлаштирилган (Гуруҳли ҳисоб-китоблаш тўғрисидаги қонунга асосан). Келгусида, Малайзиянинг ер ресурсларини бошқариш тизимида битта BAUnit орқали бириктирилган бир хил хусусий элементларига эга фазовий бирликларни янада кўпроқ гуруҳлаш масаласини кўриб чиқилади.
.

Тизимнинг маъмурий қисми

Малайзия LADM профилининг ҳуқуқий қисмида Иштирокчи ва Маъмурий тўпламлари мавжуд. Иштирокчи тўпламининг асосий синфи – бу MY_GroupParty деб номланувчи ихтисослашган MY_Party синфидир. Мажбурий бўлмаган синф ҳам мавжуд: MY_PartyMember. Асосан, Иштирокчи – бу битимда ҳуқуқлар бўйича вазифа бажарадиганан шахс ёки ташкилотдир. Ташкилот компания, муниципалитет ёки штат бўлиши мумкин. Гуруҳ қисми – бу алоҳида бирликни ташкил этадиган ҳар қандай иштирокчи. Иштирокчи аъзоси – бу рўйхатга олинган ва идентификация қилинган гуруҳнинг алоҳида белгиланган иштирокчиси. Бу иштирокчиларнинг маълумотларини ҳужжатлаштиришга имкон беради (ҳуқуқларни бўлишиш).

Маъмурий тўплам абстракт MY_RRR синфга (MY_Right, MY_Restriction ва MY_Responsibility каби учта қуйи синфлар), MY_ Mortgage, MY_BAUnit ва MY_AdministrativeSource синфиларга тегишли. Ҳуқуқ – бу тизим иштирокчиси томонидан эгалик ҳуқуқи, одатий, сервитут ва ижарага олиш ҳуқуқлари каби боғлиқ манбада фойдаланиши ёки фойдаланиши мумкин бўлган ҳаракат ёки фаолликдир. Берилган ҳуқуқлар бир-бирига зид бўлиши ёки келишмовчиликда бўлиши ҳам мумкин. Чеклов – бу бирон-бир нарсани қилишни чеклаш учун расмий ёки норасмий ҳуқуқдир. Чеклов деганда, масалан, бирон бир участкада уй қуришга йўл қўйилмайди ёки маълум вақт ичида бошқа шахсларга мулк ҳуқуқини топширишга йўл қўйилмайди. Мажбурият – бу бино ёки иншоотни сақлаш мажбурияти каби бирор нарса қилиш учун расмий ёки норасмий мажбуриятдир. MY_Mortgage мисоли – бу гаровдир. MY_Mortgage - бу MY_Restriction қуйи синфидир. MY_Mortgage, шунингдек, MY_Right синфи билан ҳам боғлиқ. Гаров кўп ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлиши ёки умуман ҳуқуқсиз бўлиши мумкин.

BAUnit – бу ноль ёки ундан кўп фазовий бирликлардан (участкалардан) иборат маъмурий объект бўлиб, у битта ёки бир нечта уникал ва ягона ҳуқуқлар, мажбуриятлар ёки чекловлар билан ерни бошқариш тизимига киритилган бутун объект билан боғлиқдир.

LADMнинг муҳим пойдеворларидан бири бу тизимдаги барча маълумотлар дастлабки ҳужжатлардан келиб чиқиши ва бошланғич ҳужжатга бириктирилиши аниқ киритилганлигидадир. Маъмурий манба ҳужжатларида (одатда номлар) ҳуқуқ, чеклаш (шу жумладан, гаров), жавобгарлик ва асосий маъмурий бирликлар мавжуд. MY_AdministrativeSource MY_RRR ва MY_BAUnit билан боғланган. Малайзия LADM профилида маъмурий манба учун sIDдан фойдаланилади. Асосан, sID – маъмурий манба учун сарлавҳа рақамидир.

Манба ҳужжатларидан ташқари, LADMдаги барча синфлар VersionedObject қуйи синфи ва VersionedObjectнинг барча атрибутларини акс эттиради (4-расмга қаранг). VersionedObject синфи LADMда тарихий маълумотларни бошқариш ва сақлаш учун жорий қилинган. Дастлабки манба ҳужжатлари ўзгартирилмаслиги сабабли, фақат янги манба ҳужжатлари келиши мумкин ва улар версия қилинмайди. Малайзиядаги ҳозирги ерни бошқариш тизими ҳали тўлиқ тарихни бошқаришни амалга ошира олмайди, аммо шунга қарамай бу тизим мамлакат тарихида сезиларли ўзгаришдир. Бу нафақат ерни бошқариш тизимининг муҳим ўзгариши, балки келажакда Малайзиянинг ахборот инфратузилмаси учун ҳам муҳимдир, чунки исталган фойдаланувчиларга ер тузиш объектларининг тарихий версияларига мурожаат қилиш функцияси керак бўлиши мумкин бўлади.
.

LADM доирасида 3D кадастрни моделлаштириш

3D кадастрида уч ўлчамли маконлар 3D майдон бўлакларига бўлинган. Ҳуқуқий асос сифатида кўчмас мулк билан боғлиқ битим ва кадастр рўйхатга олишда 3D ҳуқуқининг ўрнатилиши ва ўтказилишини қўллаб-қувватлаши керак. Стотер (Stoter) томонидан 2004 йилда таклиф этилган гибрид кадастр Малайзияда 3D кадастрни амалга ошириш учун дастлабки қадам бўлиб ҳисобланади. Гибрид кадастр тушунчаси ҳозирги 2D рўйхатга олишни сақлаб қолиш ва рўйхатга олиш ҳолатига 3D компонентини қўшишдир. 5-расмда кадастр тизимидаги 3D объектларнинг намуналари келтирилган.

Анъанага кўра, кадастрни рўйхатга олиш тизимлари 2D кадастр сифатида ер участкаларини рўйхатга олишга асосланган. Аммо, яқин келажакда ушбу 2D кадастр тизими янада ривожланган талабларга хизмат қила олмаслиги мумкин ва қуйидаги тадқиқотчилар томонидан айтилганидек, 3D кадастр тизимига ўтиш керак. Шунинг учун Малайзиянинг LADM, 5-расмда кўрсатилгандек, 3D кадастр рўйхатга олишни қўллаб-қувватлайди.

Малайзиянинг LADM профилида 3D фазовиф бирликни ифодаловчи бир нечта синфлар мавжуд (яъни, MY_Building, MY_Utility ва MY_Lot3D). MY_Building ва MY_Utilityнинг иккаласи ҳам MY_Shared3DInfoнинг қуйи синфлари бўлиб, уларда GM_Solid геометрияси, ҳажми ва Boolean атрибутлари мавжуд. Boolean атрибути объектнинг вақтинча мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш учун ишлатилади. Шу билан бирга, MY_Lot3D – бу MY_GenericLotнинг қуйи синфидир. MY_GenericLotда яна MY_Lot2D номли қуйи синфи мавжуд. MY_Shared3DInfo ва MY_GenericLotнинг иккаласи ҳам абстракт синфлар ва уларда ҳеч қандай мисоллар йўқ. 6-расмдa фазовий таркибий қисмлар учун боғланган синфларнинг умумий кўриниши кўрсатилган (3D фазовий бирлик доиралар билан кўрсатилган).

3D фазовий бирлигидаги топология участка (MY_Lot3D), фойдаланиш ёрдамчи қисм (MY_Utility) ёки қатламли объектлар учун мавжуд эмас. Моделда битта қатламли объект тури 2D шаклада акс эттирилади - MY_LandParcel (тўртта қаватдан ошмайдиган бинолар). Бошқа қатламли объектларнинг барчаси 3D ўлчамда бўлиши тавсия этилади ва шунинг учун абстракт синф MY_Shared3Dinfo орқали акс эттирилиб, қатлам бўйича ихтисослашувларга эга бўлади (масалан, MY_BuildingUnit, MY_ParcelUnit, MY_AccessoryUnit, MY_CommonPropertyUnit and MY_ LimitedCommonPropertyUnit). Битта умумий мулкда бир нечта чекланган умумий мулк бўлиши мумкинлиги сабабли, бу MY_CommonPropertyнинг бир қисми сифатида моделлаштирилгандир.
.

Хулоса

3D кадастрнинг уч ўлчовли моделлаштириш концепцияси Малайзиянинг LADM профилида акс этган ва амалга оширилган. Моделнинг UML тафсилотлари тақдим этилган LADM концепциясига тўлиқ мос келади. Стандарт асосида бирон бир мамлакатнинг профилини тақдим этиш, маълум бир мамлакатда ер тузиш тизимининг тузилишини тушуниш ва бошқа давлатлар учун профиль яратиш учун фойдали бўлиши мумкин бўлган тузилмалар мисоллари кўрсатиб ўтилган. Бироқ, Малайзиянинг LADM профилида фақат икки ўлчовли топологик модель таклиф этилади ва у фазовий бирлик учун 3D топологик моделни ўз ичига тўлиқ олмайди. Ҳар бир бино учун 3D топологиядан фойдаланиш бинонинг умумий юзлари бир-бирига мос келадиган турли хил бирликларни тақдим этиш учун қўшимча ўрганишни талаб қилади. Яқин келажакда мавжуд топологияни бошқа геометрик элементлар билан қўллаб-қувватлайдиган тўлиқ 3D кадастрни ишлаб чиқиш учун Малайзиядаги LADM профили имкониятларини янада кенгайтириш тақазо этилади.
.

“Кадастр: Ер ресурсларини бошқаришдаги
геоахборот инновациялари” китобидан инглиз тилидан
“Ахборотнома” илмий-амалий журнали таҳририяти таржимаси

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
PDF файл: