Хусусий кадастр хизматини ташкил этишни янада соддалаштириш

Аннотация: Мақолада республикамизда ҳам бошқа хорижий давлатлар сингари хусусий кадастр хизматларини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, хусусан кўчмас мулклар бўйича риэлторлик хизматини лицензиялаш жараёнини янада соддалаштириш, махсус “кадастр муҳандиси” лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириш орқали рўйхатлаш жараёнини тезлаштириш учун амалга оширилиши керак бўлган тадбирларга оид қатор таклифлар ва тавсиялар берилган.

Олинган расмий маълумотларга қараганда, республика ҳудудида қарийиб 6 миллионга яқин кўчмас мулк объектлари (ер участкалари, бино-иншоотлар, кўп йиллик дарахтзорлар ва бошқалар) мавжуд бўлиб, шулардан 4 миллионга яқини “Давергеодезкадастр” қўмитаси тасарруфидаги маъмурий туманларда ташкил этилган кадастр хизматлари томонидан техник инвентаризациядан ўтказилиб, давлат рўйхатидан олинган. Қолган 2 миллионга яқин турли кўчмас мулк объектлари бугунги кунда қадар давлат рўйхатига олинмаган техник инвентаризациялаш ишлари уларда бажарилмаган. Бу ҳолат, сўзсиз, уларнинг ҳуқуқий ҳолатига ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Ушбу объектларнинг ўз вақтида давлат рўйхатига олинмаганлиги давлат бюджетига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширилаётганлиги бундай объектлар сонини кескин ошишига олиб келади, албатта, уларни ҳам ўз вақтида давлат рўйхатига олиш ва тегишли ҳужжатлар билан таъминлаш зарур. Шулар билан бир қаторда ҳар 5-6 йилда рўйхатлаш ишини янгилаб туриш зарурияти (кўчмас мулк объектларида юз берган ўзгаришларини кадастр ҳужжатларига киритиб бориш зарурияти) рўйхатга олиш объектлари сонини кескин оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 августдаги 251-сонли қарорига биноан “Давергеодезкадастр” қўмитасининг жойлардаги хизматлари томонидан 2016-2017 йилларда республика аҳолисининг 1 миллионга яқин ўзбошимчалик билан қуриб битказилган кўчмас мулк объектлари хатлов натижасида аниқланган. Ушбу объектларнинг деярли 500 мингдан ортиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5421-сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарорининг талабларига мувофиқ мулк ҳуқуқлари тикланиб, тегишли тартибда рўйхатга олиниб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.

Юқоридаги маълумотлардан шуни кўришимиз мумкинки, ҳозирги кунга қадар рўйхатга олиш зарур бўладиган кўчмас мулк объектларининг сони анчагинани ташкил этади. Бундан ташқари, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишнинг мавжуд тизимида қатор камчиликлар ҳам борлиги аниқланди. Хусусан, рўйхатдан ўтказиш учун берилган аризаларни ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида коррупцияга йўл қўйилаётганлиги, давлат рўйхатига олишда ва ҳужжатларни расмийлаштиришда “Давергеодезкадастр” қўмитасининг 2017 йил 6 июндаги 3-сонли қарори талабларини қўпол бузилаётганлиги, ишни бажаришда сансалорликка йўл қўйилаётганлик ҳолатлари учраётганлиги соҳани чуқур ислоҳ қилишни, жумладан, кадастр бўйича рўйхатга олиш тизимини хусусийлаштириш заруриятини келтириб чиқаради. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги ПҚ-4270-сонли қарори қабуд қилинади.

Кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни кадастр рўйхатига олишни хусусий секторга ўтказишдан мақсад - кўчмас мулк объектлари эгалари юмушларини енгиллаштириш, мансабдор шахсларга одамларни навбат кутишларига ва сансалорликка бутунлай барҳам бериш, энг асосийси – коррупция ҳолатларига барҳам беришдан иборатдир.

Бундай хусусийлаштиришга “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ўзи бош-қош бўлмоқда. Бунинг учун у махсус “кадастр муҳандиси” лойиҳасини жорий этиш ташаббусини олға суради. Бундай лойиҳа амалиётга тўлиқ (янги хусусий корхона ташкил этиш) жорий этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилиши белгиланган.
1 –босқич: “Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сонли Қарори талабларига мувофиқ, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) риэлторлик фаолиятини лицензиялаш ваколати берилган бўлиб, унга асосан бўлғуси “кадастр муҳандиси” ушбу Агентлик қошидаги ёки ташкил этилган хусусий ўқув марказида 1 ойлик ўқув курсларида таҳсил олиши йўлга қўйилади;
2 –босқич: ўқув курси якунланиши билан малака сертификати олинади ва агентликка сертификат олиш учун ариза берилади;
3 –босқич: малака ва агентлик сертификатлари олинганидан сўнг, худди шу тартибда яна бир нафар ходим томонидан шундай сертификатлар олинади;
4 –босқич: камида 2 нафар малака ва агентлик сертификатларига эга бўлган ходимлар иштирокида хусусий рўйхатга олиш фирмаси очилади;
5 –босқич: энг кам базавий нархнинг 500 дан 1000 баробари миқдорларида хусусий фирманинг устав капитали шакллантирилади;
6 –босқич: қўшимча равишда “Давергеодезкадастр” қўмитасининг шаҳодатномаси учун у ерда ташкил этилган 1 ойлик ўқув курсларида қатнашилади;
7 –босқич: тўпланган ҳужжатлар (камида 2 нафар ходимнинг малака ва агентлик сертификати ҳамда қўмитанинг шаҳодатномаси, хусусий фирманинг ҳужжатлари ва устав капиталини шакллантирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар) билан ариза асосида “кадастр муҳандиси”ни йўлга қўйиш учун Агентликка ёзма мурожаат қилинади;
8 –босқич: энг кам базавий нархнинг 6 баробарида пул тўлаш эвазига Агентликда мурожаат ўрганиб чиқилади ва энг кам базавий нархнинг 4 баробари миқдорида хақ эвазига қўмита шаҳодатномаси ўрганиб чиқилиб, лицензия тақдим этилади.
9 – босқич: шундан сўнг алоҳида янги хусусий фирма сифатида “кадастр муҳандиси” фаолияти тўлиқ амалиётга жорий этилади.

Аммо, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан тадбиркорликка кенг йўл очилаётганлиги, кенг имкониятлар берилаётганлиги, турли бюрократик тўсиқларсиз шаффоф тизим асосида ўз фаолиятини олиб боришга шароитлар яратилаётганлиги боис, “кадастр муҳандиси” лойиҳасини юқоридаги босқичлар билан амалга ошириш бир мунча мураккаб бўлади. Бундай ҳолат кадастр хизматини хусусий секторга етарли даражада тезкорлик билан ривожланишига имкон бермайди. Бу эса ўз навбатида, рўйхатга олиш тизимини издан чиқаради.

Албатта юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш, “Давергеодезкадастр” қўмитаси томонидан “кадастр муҳандиси” лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириш риэлторлик фаолиятини тартиб ва тамойилларига қатор ўзгартиришлар киритиш зарур деб ҳисоблаймиз. Бундай ўзгаришлар қуйидаги таклифлар билан асосланади:
 “кадастр муҳандиси” фаолиятини ташкил этиш учун, биринчи навбатда, риэлторлик хусусий фирмаси ташкил этиш лозим. Бунинг учун Агентлик қошида махсус масофадан ўқитиш тизимига асосланган ўқув марказини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади (бугунги кун амалиётида эса хусусий ўқув марказида 1 ой давомида ўқиши ва сертификат олиши ҳамда уни Агетликка тақдим этишга мажбур);
 Агентлик қошида ташкил этиладиган ўқув марказидан олинадиган сертификат лицензия олиш учун етарли бўлиши зарур (бугунги кунда хусусий ўқув марказидан олинадиган сертификат лицензия учун тақдим этилганидан сўнг, Агентликда яна қайта имтихон топширилиб сертификат олинади);
 1- ва 2-бандларида келтириб ўтилган талаблар асосида ташкил этилаётган хусусий фирманинг фақат раҳбарида сертификат бўлса, лицензия олиш учун етарли бўлиши зарур (бугунги кунда 1- ва 2-бандларида келтириб ўтилган талаблар асосида ташкил этиладиган хусусий фирманинг 2 нафар ходимларида ҳам сертификат бўлиши шарт деб белгиланган) ёки;
 Риэлторлик лицензиясини фақатгина “кадастр муҳандиси” лойиҳаси бўйича олиш учун “Давергеодезкадастр” қўмитаси шаҳодатномаси асос бўлиб белгиланиши лозим (бугунги кунда 1-, 2- ва 3-бандлар талаблари бўйича сертификатлар йиғилади, шундан сўнг талабгор “Давергеодезкадастр” қўмитасининг шаҳодатномасини олади ва уларни жамлаб лицензия олишга тақдим этади);
 “Давергеодезкадастр” қўмитаси қошида ташкил этилган ўқув марказида ҳам масофадан ўқитиш тизимининг жорий этиш зарур (бугунги кунда қўмитанинг Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий марказида 1 ойлик мажбурий ўқиш белгиланган).

Юқорида қайд қилинган таклифларни амалиётга жорий этиш янги ташкил этилаётган “кадастр муҳандиси” лойиҳаси негизидаги хусусий рўйхатга олиш корхоналарини тўлиқ ишга тушиб кетишига имкон беради, тадбиркорларга ўз фаолиятини хеч бир тўсиқларсиз амалга оширишга зарур имкониятлар ва қулайликлар берилади. Афсуски, бугунги кунда ҳам Давлат активларини бошқариш агентлигини соҳага эскича ёндашув билан қараётганлиги, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилмаётганликлари натижасида республикада риэлторлик фаолиятини ташкил этиш ишлари қарийиб 2 йил мобайнида умуман тўхтаб қолган. Ушбу даврда бундай фаолиятни ташкил этиш учун бирорта ҳам лицензия берилмаган. Бунинг сабаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПФ-5409-сонли Фармонининг 5-иловасига мувофиқ, риэлторлик фаолиятини лицензиялаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказилган бўлсада, улар томонидан ушбу фаолиятни лицензиялаш тартибига оид аниқ бир низом ёки йўриқнома ишлаб чиқилмаган. Бу ҳолатга барҳам бериш, мамлакатда тадбиркорликка кенг йўл очиш мақсадларида яна 2019 йил 9 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4546-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг 1-иловаси 11-бандига мувофиқ, риэлторлик фаолиятини лицензиялаш қайтадан Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига қайтарилди. Бундан ташқари, ушбу қарорда лицензиялашнинг тартиб ва тамойилларининг лойиҳаси эълон қилинди. Эндиги асосий масала – ушбу Қарор ижросини тўла таъминланишини жойларда ташкил этишдан иборат бўлиши зарур. Демак, ушбу қарорга биноан жойларда риэлторлик фаолиятларини тўла лицензиялаш, сўзсиз, кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш хизматларини хусусий тарзда ташкил этиш жараёнларини тезлаштиради. Бу эса ўз навбатида, рўйхатга олиш тизимини бир мунча тезлаштиришга имконият яратади.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, мамлакатда риэлторлик фаолиятини ривожлантириш, уни лицензиялаш тартибини соддалаштириш мавжуд кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш, уларни баҳолаш билан шуғулланадиган хусусий кадастр хизматларини ташкил этишга, шунингдек, ушбу хизматлар орқали рўйхатга олиш ва техник ҳужжатларни расмийлаштириб беришда қоррупция ҳолатларига барҳам бериш, бу соҳада ислоҳотларни мувофиқ равишда ниҳоясига етказишга имкониятлар яратади.

Б.Р. ОТАБЕКОВ,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти
Ердан фойдаланишни бошқариш факультети талабаси

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан бир маротабалик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” ПФ-5421-сонли Фармони.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4270-сонли Қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4546-сонли Қарори.

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 1/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: