Рақамли иқтисодиётда ер маъмуриятчилиги ва ҳудудларни бошқариш

Ушбу мақола «Земельное администрирование и управление территориями в цифровой экономике» китобидан таржима қилинган бўлиб, т.ф.н. Шавров Сергей Алексеевич муаллифлигидаги мазкур китоб "Земельная реформа" жамоат бирлашмаси томонидан нашр этилган, Минск, Белоруссия. Нашр Швеция Халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги (SIDA) кўмагида амалга оширилган, 2019 йил апрель.

Сўз боши

Нима юз бермоқда?
Қисқа вақт мобайнида социалистик иқтисодиёт бозор иқтисодиётига айланди ва бугунги кунда рақамли иқтисодиётга ўтмоқда.
Жамият глобал ва виртуал жамиятга айланди. Масофалар, чегаралар йўқолмоқда. Мисол учун Беларусь тадбиркори билан австралиялик инвестор ўртасидаги масофа минглаб километр билан эмас, балки бир неча сонияда ҳамкорлик, ҳатто ҳужжатлар билан ўлчанмоқда.
Бир неча йил аввал олинган билимлар бугунга келиб эскирмоқда.
Стандартлар халқаро стандартлар билан алмашяпти. Глобаллаштириш шуни тақозо этаяпти. Бунга амал қилмаганлар рақобатга бардош беролмаяпти.
Бутун дунё, тўртинчи ишлаб чиқариш революцияси Industry 4.0 бошланганлигини таъкидлаяпти. Ишлаб чиқаришда, инсон эҳтиёжига хизмат кўрсатишда оммавий тарзда кибернетикани жорий қилиш Industry 4.0 ни ҳаракатга келтиради. Аввал мавжуд бўлмаган соҳалар: сунъий интеллект, робототехника, рақамли қурилиш, блокчейн ва криптовалюталар, катта маълумотлар, булутли технология ва бошқалар уни ҳаракатга келтиради. Ҳукумат рақамли ҳолатга келмоқда. Шу билан бирга, ечими ноаниқ бўлган қатор муаммолар туғилмоқда.
Жамиятнинг рақамли трансформацияси юз бераяпти.
Ҳар бир соҳа – ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, транспорт, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар - рақамли трансформация объектига айланди.
Ушбу китобнинг мақсади ҳудудларни бошқариш, ер ресурсларини бошқариш, кўчмас мулк менежменти, ер маъмуриятчилиги каби асосий тушунчалар билан белгиланувчи фақатгина битта соҳанинг рақамли трансформациясидаги стратегия, тайёрлиги, оқибатлар ва юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни кўриб чиқишдан иборат. Бунда мулкчиликнинг ҳуқуқий муносабатлари трансформациясидаги сиёсат кўриб чиқилмайди.
Китобнинг тузилмаси еттита бобдан иборат.
Биз ҳозир қаердамиз? Қай томонга кетяпмиз ва йўлимизда қандай тўсиқлар мавжуд? Бу масалалар биринчи бобда кўриб чиқилади. Бунда, авваламбор, рақамли иқтисодиётга ўтишдаги тўсиқлар тушунчасини ёритувчи, бизнинг давримиз парадигмаси шакллантирилган. Қайси замонавий қарашлар ушбу ўтиш стратегиясини шакллантириши кўрсатилган. Ер ресурсларини бошқариш тизимининг жараён модели орқали давлат бошқарувининг икки сценарийси кўриб чиқилган. Давлат бошқарувининг, оддий, ҳужжат устуворлигига таянган тизимидан маълумот устуворлигига таянган тизимга ўтишида рақамли трансформациянинг ўндан зиёд босқичлари келтирилган. Таълим, фуқаролар ва давлат хизматчилари малакасининг етарли даражада эмаслиги билан боғлиқ, рақамли трансформацияга ғов бўлаётган тўсиқлар кўриб чиқилган.
Иккинчи боб, танланган соҳада рақамлаштиришни ким олға суриши, ким уни ҳаракатга келтирувчи омил бўлаётганлиги ҳақида тушунча беради. Авваламбор, ер бошқаруви ва ер маъмуриятчилигидаги соҳага оид етакчи халқаро ташкилотлар таъкидлаб ўтилган. Технологияларнинг ривожланишига энг катта таъсир ўтказадиган, геоматика йўналишидаги халқаро ва мамлакатимиздаги тижорат компаниялари, шунингдек, чет эл ва мамлакатимиздаги ихтисослашган академик ва жамоат ташкилотлари келтирилган.
Учинчи боб, ер маъмуриятчилигининг рақамли трансформациясидаги баъзи технологияларга бағишланган. Жумладан, жамоат географик ахборот тизимлари, блокчейн, сунъий интеллект, рақамли кадастр муҳандислиги ва ер назоратининг хавфга йўналтирилган модели каби технологияларга.
Тўртинчи боб, кўчмас мулк бошқаруви технологиясининг рақамли трансформацияси тўғрисида тушунча беради. Жумладан, риэторлик фаолиятини рақамлаштириш, (кўчмас мулк бозори инфратузилмаларидан бири), бошқарувнинг иш жараёни реинжинирингида E-Ҳукуматнинг роли, смарт-контрактлар тўғрисида, рақамли қурилиш ва бошқарув (ҳудудлар, ер ресурслари, кўчмас мулк) сифатининг онлайн мониторинги тўғрисида.
Рақамли иқтисодиётга ўтишда ҳудудлар бошқарувининг янги тизимлари вужудга келади. Бешинчи боб урбанизациялашган ҳудудларни бошқаришнинг “ақлли шаҳар” деб ном олган шу каби тизим моделига бағишланади. Бошқариш моделининг алоҳида бизнес жараёнлари ва унинг услублари очиб берилади. Жумладан, буюмлар интернети ва ақлли уй. Замонавий, урбанизациялашган ҳудудларни бошқариш тизими тескари алоқа занжирининг асоси бўлган ақлли шаҳарларнинг асосий кўрсаткичларига алоҳида эътибор берилган. Мамлакат адабиётида биринчи бўлиб, ақлли шаҳарлар стандартлари тўғрисида маълумотлар берилган. Ушбу боб якунида Беларусь Республикасидаги “Ақлли шаҳар” лойиҳаларидан бири тўғрисида маълумот берилган.
Ҳудудлар бошқаруви технологияларининг трансформацияси, геоматика фани берадиган билимларнинг муваффақиятли тадбиқ этилишига боғлиқ. Геоматика Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасисиз (ФММИ) ушбу бошқарув бўлмаслигини ўргатади. Олтинчи боб, Беларусдаги ФММИни яратиш муаммоларини илғор чет эл тажрибалари асосида ечишга бағишланган.
Рақамли иқтисодиёт трансчегаравий тўсиқларни олиб ташлайди ва барча мамлакатларни ягона виртуал дунёга айлантиради. Бундай дунёдаги мулоқотнинг оддийлиги, фаолиятнинг умумий қоидаларини инсонлар қай даражада тез ярата олишига боғлиқ. Бугунги кунда қайси халқаро стандартлар давлатларга бу каби қоидаларни таклиф қилади? 2018 йилда рақамли трансформацияни стандартлаш бўйича Беларусда қандай институт яратилди? Бу масалалар китобнинг еттинчи бобида кўриб чиқилади.
Китоб якуни асосий хулосалар ва тавсияларни ўз ичига олади.
Китоб кўчмас мулкни бошқариш соҳасидаги мутахассислар, аспирантлар, магистрлар ва талабалар учун мўлжалланган.
Китоб матнига инглиз тилидаги кўпгина асосий атамалар киритилган. Бу атайин, интернет орқали қўшимча маълумотларни излашда қулайлик яратиш мақсадида киритилган. Худди шу мақсадда, китобнинг матнида порталларнинг интернет манзилига ҳаволалар келтирилган.
Ҳар бир бобнинг якунида, уларнинг қайд этилишига қараб адабиётларга ҳаволалар берилган.

Китобда қуйидаги қисқартмалар кўп учрайди:

АКТ Ахборот коммуникация технологиялари
БЖ Бизнес жараён
БМТ Бирлашган миллатлар ташкилоти
БРМ Барқарор ривожланиш мақсадлари
ГАТ Географик ахборот тизими
ЕИ Европа иттифоқи
ЕМЗ Ерни масофадан зондлаш
УУА Учувчисиз учиш аппаратлари
ФММИ Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси
BIM Биноларнинг ахборот модели
ISO Халқаро стандартлаштириш ташкилоти
IoT Буюмлар интернети
OGC Халқаро геофазовий консорциум
KPI Самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари
PPGIS Жамоавий ГАТ
3D Уч ўлчамли тасвирлаш

Китобда Беларусь давлат технологик университетининг кандидатлик, магистрлик диссертациялари ва ҳатто энг юқори баҳо билан ҳимояланган иккита диплом лойиҳаси материалларидан фойдаланилган. Ушбу ҳамкорлик муносабати билан муаллиф О. В. Бурдыко, А. Иванов, Д. Сахаров, Л. Семенова ва Е. Михайловаларга миннатдорчилик билдиради.
Муаллиф “Земельная реформа” жамоат бирлашмасига, унинг раиси М. В. Кобаса, Швеция картография, кадастр ва рўйхатдан ўтказиш миллий администрациясига, Швециянинг SIDA халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик агентлигига ушбу китобни тайёрлаш ва чоп этиш имконияти учун миннатдорчилик билдиради.
I-боб. Рақамли иқтисодиёт ва рақамли трансформация

§ 1.1. Давр парадигмаси

Мурнинг таниқли қонунига мувофиқ, ҳисоблаш қувватининг ривожланиши ҳар 18 ойда бир бирлик нархининг икки баравар ошиб борадиган экспоненциал эгри чизиғидан келиб чиқади. Ўз навбатида АКТ ривожланиши ҳам тезлашади. Ушбу ҳодиса тўртинчи ишлаб чиқариш революцияси Industry 4.0 номини олди.
Янги атамалар пайдо бўлди: “рақамли иқтисодиёт”, “электрон ҳукумат”, “рақамли трансформация”. Ҳукумат, жамият ва бизнесни бир вақтда рақамлаштирмасдан туриб рақамли иқтисодиёт яратиб бўлмайди. Рақамли муносабатлар ҳамкорликнинг барча қатламларига – давлат ҳамкорлигидан шахсий ҳамкорликкача тарқалмоқда.
Таълим, экспонент бўйича ривожланаётган технологиядан сезиларли даражада ортда қоляпти. (2-3 йил ва ундан ҳам кўп). Таълимнинг одатий услублари дарсликлар, маърузалар, амалий машғулотларга таянади. Аммо дарсликлар яратилиб, 2-3 йилга мўлжаллаб нашр этилади ва бунинг оқибатида шу давр ичида ривожланган технологиядан ортда қолади.
Қонунчилик технологиядан ортда қоляпти. Қонунчилик ҳам кўплаб узоқ вақт талаб этиладиган келишувларга асосланган одатий услубларда шаклланишда давом этмоқда. Бунда иштирокчилар, давлат хизматчилари ва парламент аъзолари инновацион технологияларни зарур даражада тушунишмайди.
Хато қилиш қўрқуви натижасида келишиш жараёни кўпгина ҳолатларда узоқ вақтга чўзилиб кетади. Меъёрий ҳужжатлар беқарор бўлиб, доимий ўзгартиришлар киритилади. Бир неча йил давомида ўнлаб маротаба ўзгартириш киритилган қонунчилик ҳужжатлари ҳам кам эмас. Натижада, эскирган ва барқарор бўлмаган қонунчилик, инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда давлат бошқаруви жараёнлари реинжиниринги йўлида тўсиқ бўлади ва бу билан давлатнинг ривожланиши ва рақобатбрадошлигини секинлаштиради.
Ҳақиқатдан, агарда қонунчилик маълум бир бизнес жараёнлар ижросида мижозларга хизмат кўрсатиш битимларини рўйхатга олиш фақатгина қоғоз журналда ва уни қўлда тўлдириш қоидаларини назарда тутадиган бўлса, у ҳолда риэлторлик фаолиятини рақамлаштириш тўғрисида нима ҳам дейиш мумкин?
Давлат бошқаруви жараёнлари реинжинирингига давлат хизматчилари малакасининг етарли эмаслиги, аҳолининг, айниқса катта ёшдаги аҳоли қатламининг тайёр эмаслиги ҳам ҳалал беради. Давлат хизматчилари, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳам янги технологиялардан эҳтиёткорлигининг қатор сабаблари мавжуд. Бу - иш жойларининг қисқариши хавфи, давлат бошқарувида шаффофликнинг ошишидан хавфсираш.
Буларнинг барчаси, 1.1.а) расмдаги схемада келтирилган, ҳозирги давримизнинг мисол ва намуналарини белгилайди: олдинда, технологиялар, таълим ундан ортда қолаяпти, қонунчилик ундан кўпроқ даврга ортда қолмоқда ва нафақат ахборот қонунчилигида, шунингдек яна бир орта қолиш – бу давлат хизматчиларининг малакаси ва аҳолининг тайёрлик даражаси.
Тўртинчи ишлаб чиқариш революцияси даврида иқтисодиётнинг анъанавий соҳаларида узлуксиз технологиялар ва бизнес жараёнларнинг алмашуви юз беради, доимий равишда тўлиқ янги соҳалар пайдо бўлади. Шунинг учун 1.1.а) расмдаги схемада келтирилган мавжуд парадигмани 1.1.б) расмдаги схемада келтирилган, аҳолининг тайёрлиги, давлат хизматчиларининг малакаси, қонунчилик ва университетларда бериладиган таълим, технологияларнинг динамикасига мос келувчи парадигмага ўзгартириш имконини берадиган ечимларни қидириш зарур. Бу эса келажакдаги рақамли иқтисодиёт ва электрон давлат парадигмаси. Кейинги қисмда кўриладиган бир қатор концепциялар бунга олиб борувчи йўлни белгилайди.

§ 1.2. Рақамли иқтисодиётнинг замонавий концепцияси

1. Барқарор ривожланиш концепцияси. 2015 йилда БМТ томонидан 17 та барқарор ривожланиш мақсадларидан (БРМ) иборат “Agenda-2030” жамиятнинг барқарор ривожланиш концепцияси қабул қилинган [1.1]. Беларусь Республикаси концепцияга 2016 йил қўшилди ва 2030 йилга қадар ушбу мақсадларга эришиш мажбуриятини олди. 1.2 расмда кўрсатилган 17 та мақсаднинг ҳар бирига эришиш учун ахборот технологиялари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан давлат-хусусий шериклигига асосланиб давлат бошқарувини такомиллаштириш зарур.
Беларусь БМТнинг ушбу дастурига қўшилди. Беларусь Республикаси Президентининг 2017 йил 25 майдаги 181-сонли фармони билан Барқарор ривожланиш бўйича Кенгаш ташкил этилди ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий координатор тайинланди. БМТ давлат, фуқаролар ва тадбиркорлик ўртасида электрон ҳамкорлик алоқаси яратилмасдан эришиб бўлмайдиган мақсадларга эътибор қаратди [1.2].
Шу муносабат билан уларнинг баъзи бирларига тўхталиб ўтамиз.
3-мақсад. Соғлик ва фаровонлик. Давлат бошқаруви ва фуқароларнинг ушбу мақсадга эришишдаги ҳамкорлиги, соғлиқни сақлаш ташкилотлари хизматлари тўғрисида е-хабардор қилиш ва уларнинг оммабоплиги, дориларни рақамли рецептлар орқали олиш имкони, шифохонлардаги рақамли шаклдаги йиғмажилдларни онлайн, шу жумладан, мобил иловалар воситасида кўриш имконияти. Очиқ маълумотлар, даволанишни кутишга сарфланадиган ўртача вақт ҳақида тасаввурга эга бўлиш, фойдаланувчиларнинг медицина хизматларидан қониқиш ҳосил қилишини кўриш ва бошқа имкониятларни бериши зарур.
4-мақсад. Сифатли таълим. Рақамли трансформация, давлат томонидан бериладиган таълимдаги, яъни электрон кутубхоналар, веб-семинарлар, масофадан ўқитиш ва синовлар е хизматлар кўламини кенгайтиришдан иборат.
5-мақсад. Гендер тенглиги. Айнан аҳоли ва тадбиркорлик билан электрон ўзаро ҳамкорлик каналлари гендер тенглиги кафолатидир.
6-мақсад. Тоза сув ва санитария. Рақамли трансформация, сув объектларининг сақланиши, сув сифатининг мониторинги, маълум бир ҳудудларда сув орқали ўтадиган касалликлар тўғрисидаги маълумотларнинг тарқалишида, аҳолининг е-иштирокига олиб боради. Бунга, нафақат сув ресурслари, балки ҳавонинг ҳам ҳолатини ўлчовчи сенсорлар воситасида автоматик тарзда мониторинг олиб бориш орқали эришиляпти. Бунга буюмлар интернети IoT орқали эришилмоқда, айниқса фавқулодда вазиятларда. Бундай ҳолатларда инсонлар атроф муҳитни сақлаш қанчалик муҳимлигини яхшироқ англашади, деб ҳисобланади.
7-мақсад. Арзон ва тоза энергия. Ўзаро электрон ҳамкорлик фақат жамиятни ишончли, барқарор ва замонавий қувват манбалари, хўжаликлардаги электр қуввати истеъмоли, қайта тикланувчи қувват манбалари инфратузилмасидан фойдаланиш имконияти тўғрисида ҳамда электр қувватини сақлаш муҳимлиги тўғрисида е-хабардор қилишдангина иборат эмас. Ҳамкорлик каналлари қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш, чиқиндиларни қувватга айлантириш, қувватни иқтисод қилишни рағбатлантирувчи шерикликлар яратишга йўналтирилган. Мисол учун, Амстердам шаҳри (Нидерландия) “Energy Atlas” ташаббуси доирасида 4660 га яқин инноваторларни бирлаштирган https://amsterdamsmartcity.com/ платформани яратди. Мулоқот платформаси шаҳар ҳудудида электр энергия ишлаб чиқарилиши ва сарфининг интерактив атласини тақдим қилади. Бу каби географик ахборот тизими энергия сарфи, шаҳарнинг интеллектуал ривожи борасидаги воқеалар ҳақида е-хабардор этиш каналини яратибгина қолмай, аҳоли фикрларини маҳаллий бошқарув органи билан муҳокама қилиш электрон платформаси ҳамдир. Фуқаролар ва корхоналар доимий равишда ўз ҳудудларидаги энергиядан фойдаланиш тўғрисида хабардордирлар, қайта тикланувчи энергия манбалари, шунингдек, энергетик инфратузилма қаерда жойлашганлигини билади.
8-мақсад. Муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш. [1.3; 1.4] манбаларда, давлат томонидан еттита соҳа (таълим, транспорт, истеъмол товарлари, электроэнергия, нефть ва газ, соғлиқни сақлаш ва талабларни молиялаштириш) бўйича тадбиркорликка тақдим этиладиган маълумотлардан фойдаланиш, йилига 3-5 триллион долларни шакллантириши кўрсатилган. Европа иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари тадқиқотлари шуни кўрсатадики, давлат ахборот ресурсларининг очиқ маълумотларидан қайта фойдаланиш йирик иқтисодий фойда келтиради. Жаҳон банкининг тадқиқотлари ҳам, стартаплар, кичик ва ўрта корхоналар ҳукуматнинг очиқ маълумотларидан фойдаланиши ҳисобига жиддий иқтисодий даромад кўришини тасдиқлайди. Жумладан, Австралия ҳукуматининг Рақамли трансформация агентлиги, айнан давлатнинг очиқ маълумотларидан фойдаланишга асосланган фуқаро новаторларнинг инновацион лойиҳаларига эътибор қаратади.
9-мақсад. Саноатлаштириш, инновация ва инфратузилма. Давлат маълумотлари янги, аввал маълум бўлмаган хизматларни ривожлантириш билан инновацияга кўмаклашади. Мисол учун, http://finclusionlab.org Ҳиндистоннинг FinInclusion Lab лабораторияси 22 мамлакатда, шу жумладан Озарбайжонда ҳам, ишбилармон ҳамкорлар, давлат ёки маҳаллий миқёсда микромолиявий корхоналар бўйича е танлов хизматини тақдим этади. Қизиқиш билдирган шахслар интерактив электрон мулоқот панелларидаги таклифлар орқали, молиявий хизматларга уланиш нуқтасига эга бўладилар.
10-мақсад. Тенгсизликни камайтириш. Рақамли трансформация трансчегаравий е хизматларни вужудга келтиради ва бу мамлакатлар ўртасидаги тенгсизликнинг камайишини таъминлайди. Е хизматлар ўзининг тайёр эмаслиги, таълимдаги камчиликлар туфайли янги технологиялардан фойдалана олмайдиган қатламдаги гуруҳларга ҳам оммабопдир. Жумладан, ушбу муаммо ахборот воситачилар орқали ҳал этилади. Яна бир муаммо бу – йириклаштирувчи миграция. Мисол учун Канада ўзининг иш билан таъминлаш мақсадида иммигрантларнинг е-мулоқоти учун кўплаб мамлакатларнинг маълумотларидан фойдаланувчи “Imminy” номли ташаббуси билан машҳур. Ушбу ташаббус доирасида Канаданинг коммуналарига кўчиб ўтаётган шахслар учун, ҳатто рус тилида ҳам, платформалар яратилган. Бўш иш ўринлари ва компаниялар бўйича е-маслаҳатлар нафақат интернет каналларида, балки Facebook, LinkedIn ижтимоий тармоқларbда ҳам амалга оширилади. Платформа иммигрантларни уларнинг ҳаёт тарзига мақбул ҳамжамиятлар биланбоғлайди ва ишга жойлашиш имкониятларини таклиф қилади. Бунда Канаданинг бандлик ва ижтимоий ривожланиш соҳаларининг маълумотларидан фойдаланилади.
11-мақсад. Барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойлари. Рақамли трансформация биргаликда е қарор қабул қилиш (ингл. e-decision-making)нинг электрон маъмурий регламентларига ўтиши оқибатида ижобий натижаларга сабаб бўлади. Жумладан, ҳудудни режалаштириш, ердан фойдаланишни зоналаштириш, ҳудудни ободонлаштиришни молиялаштириш, транспортнинг етиб келиш вақти, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ташкилотларнинг очиқлигида ҳам. Натижада, дунё бўйича ҳамма жойда “е иштирок” (ингл. e-participation) термини ишлатила бошлади.
12 мақсад. Масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш. Мисол учун 12.7 мақсад давлат харидларининг миллий сиёсат ва устуворликларга мувофиқ барқарорлигини таъминловчи амалиётни рағбатлантиради. Электрон харидлар орқали савдо жараёнлари ва натижалари ҳақида е хабардор этиш, ҳукуматлар ишлаб чиқаришнинг шаффофлиги, самарадорлиги ва барқарорлигини ошираётганлиги намунасидир. Электрон харидлар мамлакатда иқтисодий ўсишни оширади, харажатларни камайтиради, давлатнинг тежамкорлигига кўмаклашади, бозорнинг рақобатбардошлигини оширади. БМТнинг 2016 йилдаги изланишлари 193 та мамлакатдан 98 таси электрон харидлар платформасини тақдим этганлигини кўрсатди. Харидлар ва савдо жараёнлари натижаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этувчи миллий порталлари мавжуд мамлакатлар сони 2014 йилда 55 та бўлган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 116 тани ташкил этади. Шу муносабат билан, янада кўпроқ мамлакатлар ушбу жараёнларнинг онлайн транзакцияларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
13 мақсад. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш. Иқлим, об ҳаво, ер ва бошқа табиий ресурслар ҳақидаги маълумотлар “катта ҳажмли маълумотлар” (ингл. Big Data) таҳлили ва буюмлар интернети билан биргаликда экологик муаммоларни самаралироқ ҳал қилиш йўли билан сайёрамизни сақлаб қолишга ёрдам беради. Мисол учун, АҚШ ҳукумати https://www.data.gov/ ва https://www.data.gov/climate/ порталлари орқали мамлакат миқёсида иқлим маълумотларидан кенг фойдаланиш ташаббусини амалга оширди.
15 мақсад. Қуруқликдаги экотизимларни асраш. Ҳал этилиши бўлган масала, экотизимни ҳимоя қилиш, қайта тиклаш, ундан барқарор фойдаланиш, ўрмонларни бошқариш, тупроқ деградациясини тўхтатиш ва бошқалардан иборат. Ушбу масалани ҳал этиш сезиларли даражада ерни масофадан туриб зондлаш маълумотлари ёрдамидаги геомониторингга, давлат ахборот ресурслари ва краудсорсингга асосланган. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик каналлари геофазовий платформалар (веб географик ахборот тизимлари ГАТ) асосида яратилмоқда. Мисол – Дунё ресурслари институти, Google ва 40 дан зиёд ҳамкорлар гуруҳи томонидан яратилган глобал ўрмонларни кузатиш (ингл. Global Forest Watch) трансчегаравий интерактив онлайн платформа (https://www.globalforestwatch.org/). Платформа катта ҳажмдаги очиқ маълумотларга эга билимлар тармоғига, ўрмонлар ҳолати мониторинги, шу жумладан ёнғинлар, иқлим ва биологик оғиш мониторингининг ноёб асбоблар тўпламига эга.
16 мақсад. Тинчлик, адолат ва самарали бошқарув институтлари. Мақсад инклюзив жамиятларга одил судлов ва ҳуқуқий хизматлардан фойдаланишда ёрдам бериш. Е-иштирок одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиради, барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва инклюзив институтларни яратади. Масалан, 2015 йилда очилган Ўзбекистон давлат органлари тўғрисидаги маълумотлар портали (https://data.gov.uz/ru) аҳолига 500 дан ортиқ маълумотлар тўпламини таклиф қилади ва хизматларни олувчини бошқа давлат органлари сайтларига улайдиган 25 дан ортиқ гиперҳавола орқали давлат идоралари билан ҳамкорликни ривожлантиради. Бошқа бир мисол, Европа Иттифоқи юридик портали (ингл. The European e-Justice Portal) бўлиб, у барча Европа Иттифоқи мамлакатларига 23 тилда "ягона ойна" режимида ҳуқуқ ва ҳуқуқий муносабатлар хизматларини тақдим этади (https://e-justice.europa.eu).
17-мақсад. Барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик. 2030 Барқарор ривожланиш кун тартиби дунё миқёсидаги ҳукуматларни барча даражаларда мослашувчан, кенг қамровли, инклюзив ва вакиллик асосида қарорлар қабул қилишни таъминлашга даъват этади (16.7-мақсад). “Agenda-2030” барча манфаатдор томонларнинг ҳамкорлиги мамлакатларнинг инклюзив ривожланишида муҳим рол ўйнашини таъкидлайди. БМТ Бош ассамблеяси "давлат хизматларини кўрсатишдаги шаффофликни, ҳисобдорликни, самарадорликни оширишда ва фуқароларнинг иштирок этишини таъминлашда электрон ҳукуматнинг муҳимлигини" тан олди (БМТ Бош ассамблеясининг 2015 йил 69/327-сонли резолюцияси). Барқарор ривожланишга эришиш учун одамларни қарорлар қабул қилишга жалб қилиш зарур. Е-иштирок этиш, ҳукумат томонидан таклиф этилаётган ечимлар ва хизматлар тўғрисида одамлардан ўз фикрларини билдиришлари каби оддий сўровлардан кўпроғини талаб этади. Бу қарор қабул қилишга қаратилган ҳаракатларини жамлайди ва шакллантиради.
Ушбу ўзаро таъсирни самарали, сифатли ва тезкор қилиш учун БМТ давлатлари рақамли давлат хизматларини жорий этиш орқали давлат органларини модернизация қилиш ташаббусини илгари сурдилар. Ягона рақамли бозорда маълумотлар ва хизматлар тарқоқлигининг олдини олиш учун давлат секторидаги рақамлаштириш бўйича ҳаракатлар чегаралараро ва миллий даражада мувофиқлаштирилган бўлиши керак. Рақамли иқтисодиётда барча давлат шерикларининг рақамли бозорда ўзаро ишлашига эришишнинг универсал тамойиллари [1.2-1.4] да келтирилган. Жумладан, [1.2] да давлат хизматларининг интеграциялашган модели, хизматларнинг чегаралараро ўзаро мослашувчанлигининг тўртта даражаси, ўзаро ишлашга эришиш учун 12 та асосий тамойиллар тўплами ва давлат бошқарувини янги йўл билан қайта ташкил этиш бўйича 47 та тавсиялар таклиф этилган. Европа иқтисодий комиссияси томонидан Беларусь Республикасининг барқарор ривожланиш инновациялари бўйича тавсиялари берилган шарҳи тайёрланган (1.5).
2. Рақамли иқтисодиёт концепцияси. Ушбу концепция атамаларининг таърифи ва тавсифи: "рақамли иқтисодиёт", "рақамли трансформация", "рақамли саноат", "рақамли қишлоқ хўжалиги", "ақлли энергия тизимлари", "рақамли давлат", "молиявий хизматларни рақамлаштириш" (Fintech), "криптовалюта", "рақамли логистика", "ижтимоий соҳанинг рақамли трансформацияси"ни беларуслик муаллифлар китобларида топиш мумкин [1.6]. Рақамли иқтисодиёт бу рақамли телекоммуникация тармоқлари туфайли мавжуд бўлган электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тарқатиш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш тизимида шаклланадиган муносабатлар мажмуи, деган таъриф маълум. Электрон бизнес иқтисодиётининг предмети бу бошқариш, инвестицияда электрон бизнес тизимларидан фойдаланиш, электрон бизнес тизимларини лойиҳалаштириш, шунингдек, корхонанинг электрон ахборот тизимлари орқали иқтисодий таҳлил, ташкиллаштириш ва уларни бошқаришдир. Шунингдек рақамли иқтисодиёт - юридик ва жисмоний шахслар ўзаро фаолиятида бир-бири билан алоқа қиладиган, электрон тармоқлар (рақамли телекоммуникациялар) ёрдамида амалга ошириладиган иқтисодий фаолиятдир.
3. Рақамли давлат тушунчаси. Википедия электрон ҳукуматни АКТдан фойдаланишга асосланган давлат фаолиятини амалга ошириш усули сифатида белгилайди. Электрон давлатнинг мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат секторининг шаффоф фаолиятида интерфаол иштирокини таъминлаш. Электрон давлат - бу юқоридаги парадигмадаги ўзгаришларни, аҳолининг билим олиши, давлат хизматчиларининг малакаси ва университетларда таълим янги технологияларга мос келганда, ахборот жамиятининг пайдо бўлиши акс этган ҳолат. Беларусда электрон давлатни шакллантириш концепциясининг варианти [1.7] да келтирилган. Бу ерда Беларусда АКТ соҳасининг ҳолати, электрон давлатни ривожлантириш мақсадлари ва вазифалари, хорижий тажриба, Беларусда электрон давлатни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари, кутилаётган натижалар ва муаммоли масалалар берилган.
4. Электрон ҳукумат тушунчаси. Электрон ҳукумат тушунчаси аксарият ҳолларда электрон давлат тушунчаси билан ўзаро кесишади. Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни қўллаб-қувватловчи электрон ҳукумат концепцияси БМТ ҳисоботида [1.2], Европа Иттифоқининг тадқиқотида [1.8] келтирилган. Беларусда билимлар иқтисодиётини бошқариш тизимида электрон ҳукумат [1.9] да кўриб чиқилган.
5. Ақлли шаҳарлар тушунчаси. Ақлли шаҳарлар концепциялари "Барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойлари" барқарор ривожланишнинг 11-мақсадига эришишга қаратилган. АКТ ва шаҳар ҳудудларини инклюзив бошқаришнинг маъмурий жараёнларини қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи қонун ҳужжатлари ақлли шаҳарларнинг барча лойиҳалари учун калит бўлиб ҳисобланади [1.10; 1.11]. Ақлли шаҳарлар ҳатто стандартлаштириш мавзусига, шу жумладан Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг мавзусига айланди [1.12]. Масалан, ISO 37120:2014 стандарти “Жамиятнинг барқарор ривожланиши. Шаҳар хизматлари ва ҳаёт сифати кўрсаткичлари” ёки ISO 37151:2015 “Коммунал хўжаликнинг интеллектуал инфратузилмалари. Ишлаш тизими тамойиллари ва талаблари".
6. Давлатнинг рақамли трансформацияси тушунчаси. Бугунги кунда давлатнинг рақамли концепцияси барча мамлакатларнинг стратегик воситасидир. Беларусь Республикаси Президентининг 2017 йил 21 декабрдаги "Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш тўғрисида"ги 8-сонли қарори, шунингдек Вазирлар Кенгаши Президиумининг 03.11.2015 йилдаги 26-сонли йиғилишида тасдиқланган "Беларусда 2016-2022 йилларда ахборотлаштиришни ривожлантириш стратегияси" Беларусда ушбу концепциянинг мазмунини белгиловчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Беларусь Республикасида давлат бошқаруви тизимининг рақамли трансформацияси муаммолари, Беларусда ахборотлаштиришни ривожлантиришни илмий-услубий таъминотининг асосий йўналишлари ва натижалари [1.13; 1.14] да кўриб чиқилган. Инновацион стратегиянинг муҳим таркибий қисми сифатида АКТни жадал ривожлантириш концепцияси Беларусь Президентининг 2016 йил 15 декабрдаги 466-сонли "Беларусь Республикасининг 2016-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Ушбу Дастурнинг 6.1 "Иқтисодиётни жорий беш йиллик даврга рақамли ўзгартириш (ахборотлаштириш)" бўлимида рақамли трансформациянинг 12 асосий вазифалари белгиланган. Умуман олганда, дастур учта кичик дастурларда 60 дан ортиқ тадбирларни ўз ичига олади.
Россия Федерациясида Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази келажакдаги рақамли давлат намунасини ва давлатнинг рақамли трансформациясини таклиф қилади [1.15]. Бу қуйидагича: давлат аппарати камсонли, қарорлар тез қабул қилинади, одам ва унинг маълумотлари ўртасида давлат органлари шаклида воситачилар йўқ, одамнинг кундалик ҳаётида ва ишда дуч келадиган ҳаётий вазиятларни ривожлантириш ва ҳал қилишда индивидуал траекторияларни яратиш имконияти ортади. Стратегик тадқиқотлар маркази давлат хизматларини рақамли равишда ўзгартириш, лицензиялаш ва назорат қилиш фаолиятини бошқариш, бошқарув қарорларини қабул қилиш механизмлари сифатида давлат хизматининг ўзи қандай ўзгариши кераклиги ҳақидаги лойиҳани таклиф қилди.

§ 1.3. Бошқарув тизимининг технологик модели

Ҳар қандай ахборот тизимларининг асосини соҳани моделлаштириш ташкил қилади. Бошқариш фаолиятини моделлаштиришнинг замонавий амалиётида, моделлаштириш объектлари бўлиб бизнес жараёнлар (БЖ) белгиланган. Бизнес жараёнларини оптималлаштиришнинг асосий мақсади уларни қайта ташкил этишдир. Бошқарув моделини тузишдаги жараёнли ёндашувда одатда бешта асосий тартибот алоҳида кўрсатиб ўтилади [1.16]:
1) мавжуд бизнес-жараёнларнинг таърифи, тавсифи ва уларнинг давлат жараёнларининг умумий тармоғидаги ўзаро таъсири;
2) бизнес жараёнларининг ҳар бир босқичи учун раҳбарларнинг жавобгарлигини тақсимлаш;
3) бизнес-жараёнлар самарадорлиги кўрсаткичларини ва уларни ўлчаш усулларини аниқлаш;
4) бизнес жараёнлар регламентларини (алгоритмларини) ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
5) оғишлар, номувофиқликлар, аномалиялар аниқланганда ресурсларни бошқариш.
Ер ресурсларини бошқариш (ингл. Land Governance, Land Management) каби муаммоли соҳани моделлаштириш маҳаллий амалиётда амалга оширилмаган. Натижада, бошқариш бизнес жараёнлари узоқ вақт давомида ўзгаришсиз қолмоқда.
Қуйида ер ресурсларини бошқаришнинг замонавий моделини яратиш ва ундан фойдаланишнинг мумкин бўлган усуллари келтирилган. Шуни таъкидлаш лозимки, бундай модел тамойиллари турли хил халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор шакллантирилган. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Европа иқтисодий комиссияси (БМТЕИК).
Ер ресурсларини бошқариш тизимининг маҳаллий моделини яратишда технологик ёндашув [1.29] да таклиф қилинган. Бу ерда жараён тушунчаси ISO-9001 стандарти: "Жараён - бу киришларни чиқишга айлантирадиган ўзаро боғлиқ ва ўзаро ҳамкорлик қилувчи фаолият турларининг мажмуи"дан олинган. Жараённинг ушбу таърифда акс эттирилмаган муҳим таркибий қисми бу хатти-ҳаракатларнинг тизимлилигидир. Жараён ҳаракатлари тасодифий эмас, балки такрорланадиган бўлиши керак. Акс ҳолда, "лойиҳа" атамаси ишлатилади.
Жараён ёндашуви, бошқарув моделини ва бизнес жараёнларни уларнинг моделларини ишлаб чиқиш орқали аниқлашни назарда тутади. Таклиф этилаётган ер ресурсларини бошқариш тизими моделининг схемаси 1.3-расмда келтирилган.
БЖ бошқарувининг асосий тушунчалари: БЖнинг ўзи, БЖ кириш ва чиқиши, БЖ эгаси, БЖ мақсадлари дарахти, БЖ модели, БЖ индекслари, БЖ мониторинги, БЖ ўзгаришлари. Ер ресурсларини бошқариш моделининг ҳар бир таркибий қисмини алоҳида кўриб чиқамиз.
1. Бошқарув объектлари. Бошқарув объекти - бу ҳудуд. Масалан, маъмурий-ҳудудий бирликнинг ҳудуди; махсус фойдаланиш режимининг ҳудуди; тегишли ер участкаси; умумий фойдаланишдаги ер участкалари.
2. БЖ нинг вазифалари ва таркиби. Шубҳасиз, барча мамлакатларда ер ресурсларини бошқаришнинг ҳуқуқий асослари ва моделлари фарқ қилади. Аммо кўпгина мамлакатларда БЖ таркиби ўхшаш. Шунинг учун БЖни жаҳон амалиётига асосланган ҳолда белгилаш мумкин. Шу билан бирга, ерларни тоифаларга бўлишнинг анъанавий схемасидан (Беларусь Республикасининг Ер тўғрисида кодекси) эмас, балки уларга нисбатан қўлланиладиган бошқарув БЖ ўзига хос хусусиятларига кўра тақсимлаш тавсия этилади: 1) табиий юзага келувчи кўчмас мулклар жойлашган ерлар (қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмон ва сув ресурслари); 2) урбанизациялашган ҳудудларнинг ерлари ва 3) бошқалар (масалан, ифлосланиш туфайли фойдаланишдан чиқарилган ерлар). БЖ спецификацияларидан бири 1.1-жадвалда келтирилган. Авваламбор, бошқарув вазифалари тўплами (2-устун) шартли кодни тайинлаш йўли билан тузилган (1-устун). Ҳар бир муаммони ҳал қилиш учун кўплаб БЖ ишлатилади (мисоллар 3-устун). Баъзи БЖлар учун қавсларда FAO UN (http://aims.fao.org/) ва GLTN UN-Habitat (англ. Global Land Tool Network, http://gltn.net) ташкилотлари терминларида инглиз тилидаги номлари келтирилган. Таснифлаш асосини иккита гуруҳ ташкил этади: 1) асосий БЖ - уларнинг ижрочиларининг вазифаларини ҳал қилишга қаратилган; 2) таянч БЖ - асосий БЖни амалга ошириш учун ёрдамчи жараёнлар, ресурслар ёки хизматларни етказиб берувчилар.
3. БЖ моделлари. БЖ модели - ҳудуд ресурсларини бошқаришнинг амалдаги ёки таклиф этилаётган фаолиятини акс эттирувчи расмийлаштирилган тавсифи (график, жадвал, матнли, рамзий). Моделларни ишлаб чиқишда энг кенг тарқалган усуллар қаторига қуйидагилар киради: SADT (IDEF0) функционал моделлаштириш усули; IDEF0 га қўшимча равишда, IDEF3 жараён кетма-кетлигини моделлаштириш усули; DFD маълумотлар оқимини моделлаштириш; ARIS архитектурага интеграциялаштирилган моделлаштириш воситаларига асосланган усул; UML объектни моделлаштириш тилида моделлаштириш усули. БП ни моделлаштириш BPwin (PLATINUM technology), Silverrun (Silverrun technology), Oracle Designer (Oracle), Rational Rose (Rational Software), Rational Unified Process (IBM) case воситалари ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
Модел БП тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак: БПни ташкил этувчи босқичлар тўплами (бизнес функциялари, процедуралари ёки операциялари); уларни амалга ошириш тартиби; БП доирасидаги назорат ва бошқариш механизмлари. Бундан ташқари, ҳар бир бизнес функцияни бажарувчилар ҳақида маълумот; кирувчи ҳужжатлар ёки маълумотлар тўғрисида, чиқувчи ҳужжатлар ёки маълумотлар тўғрисида; ҳар бир бизнес функциясини бажариш учун зарур бўлган ресурслар тўғрисида; ҳар бир бизнес функциясининг бажарилишини тартибга солувчи ҳужжатлар ёки шартлар тўғрисида; бизнес функциялари ва умуман БЖ фаолиятини тавсифловчи параметрлар ҳақида.
Бундай моделлар бугунги кунда мавжудми? Масалан, ҳар бир фуқаро учун очиқ бўлган альбом ёки кутубхона шаклида. Ушбу моделларга асосланган ERP-, CRM-тизимлар мавжудми? Афсуски йўқ. Электрон маъмурий регламентлар ва ҳудудларни бошқариш бўйича ягона корпоратив автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш мумкин бўлган тартиблаштирилган тавсифлар ўрнига, кўплаб (юзга қадар) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник йўриқномалар ва амалиёт нормалари кўринишидаги "яширин" моделлар сақланиб қолган. Кўриб чиқилаётган муаммоли соҳанинг ушбу сегменти ҳали ҳам инновациялар учун очиқдир.
4. KPI самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари. БЖ, қоида тариқасида, учта кўрсаткич билан баҳоланади. Биринчидан, минимал қийматга интилиши керак бўлган БЖ қиймати. Иккинчидан, БЖни амалга оширишнинг максимал тезлигига интилиши керак бўлган БЖ муддати. Учинчидан, БЖ натижаларидан қониқиш даражаси (маҳсулот сифати).
Охирги вақтларда ер ресурсларини бошқаришни баҳолашда янги тенденциялар пайдо бўлди. Низоларни минималлаштирадиган маҳаллий бошқарувнинг инклюзивлиги; коррупцияни камайтирадиган шаффофлик; БЖни соддалаштирувчи “ягона ойна” тамойили. Ер ресурсларини бошқаришнинг асосий кўрсаткичлари варианти [1.17] да келтирилган.
5. БЖ сифати мониторинги. Бу барча мамлакатларда ер ресурсларини бошқариш тизимининг энг заиф нуқтасидир. Сифат мониторингини ташкил этишда иккита ёндашув мавжуд: 1) эксперт, 2) реал вақт режимида автоматик мониторинг.
Биринчи турнинг типик мониторинги бу Жаҳон Банкининг LGAF методикаси бўйича мониторинг (ингл. Land Governance Assessment Framework) [1.18]. LGAF мамлакат миқёсида ер тузиш ҳолатини баҳолаш учун диагностик воситадир. Баҳолаш экспертлар томонидан амалга оширилади. 5 тематик йўналиш ва 27 кўрсаткични қамраб олади. Тематик йўналишлар: 1) мавжуд ҳуқуқларни эътироф этиш ва ҳурмат қилиш (ингл. Recognition and Respect for Existing Rights), 2) ердан фойдаланишни режалаштириш, бошқариш ва солиққа тортиш (ингл. Land Use Planning, Management and Taxation), 3) давлат ерларини бошқариш (ингл. Management of Public Land) 4) давлатнинг ер тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши (ингл. Public Provision of Land Information) ва 5) низоларни ҳал қилиш ва зиддиятларни бошқариш (ингл. Dispute Resolution and Conflict Management). LGAF асосида баҳолаш тажрибаси 2009-2017 йилларда 17 мамлакатда, жумладан Грузия, Молдова, Украина, Хорватияда мавжуд.
Ерни ресурсларини бошқариш сифатини реал вақт режимида мониторинг қилиш бирор бир мамлакатда амалга оширилмайди, аммо ривожланиш объекти ҳисобланади. Тахмин қилинишича, у давлат ахборот ресурслари асосида БЖ кўрсаткичларини кузатиш учун автоматлаштирилган аналитик тизим томонидан таъминланади.
6. БЖни ўзгартириш. БЖ ўзгаришининг уч тури мавжуд: 1) БЖни такомиллаштириш (ингл. Improvement), 2) янги БЖларни яратиш, 3) инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда БЖ реинжиниринги (ингл. Business Process Reengineering).
БЖ такомиллаштириш "ҳозирги ҳолат" жараёнларга асосланади ва одатда 20-30% гача такомиллаштириш имконини беради. Такомиллиштириш вазиятни тубдан ўзгартира олмайди. Такомиллаштиришнинг алоҳида ҳолати бу жараёнларни оптималлаштиришдир. БЖни такомиллаштириш мисоли: объектни фойдаланишга қабул қилиш, уни шакллантириш давлат рўйхатига олиш ва унга бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши каби учта алоҳида маъмурий жараёнларни мураккаб маъмурий жараён билан алмаштириш (Россия Федерацияси, Москва вилояти, 2017 йил).
Янги БЖни яратишга мисол “Ерни масофадан зондлаш маълумотлари бўйича ер муносабатлари объектларини маъмурий ўрганиш” (РФ, 2016 йил). Янги БЖ битта ер участкасидаги ердан фойдаланиш қоидабузарликларни аниқлашга кетадиган вақтни бир неча кундан 15 дақиқагача ва маблағлар харажатларини ҳар бир участкада 150 200 АҚШ долларидан 3 АҚШ долларгача қисқартиради. Ер назорати усули мониторинги БЖ ни маъмурий ўрганишлар БЖ билан алмаштириш Россия Федерациясида 2016 йилда мамлакатда йиллик жарималар миқдорини 37% га ошишига ва бу орқали солиқ базасининг ўсишига олиб келди.
БЖ реинжиниринги мавжуд вазифалар билан янги БЖ яратишни англатади. Реинжиниринг ривожланишига қуйидагилар туртки бўлади: 1) янги технологиялар, 2) давлат-хусусий шериклик ва 3) очиқ маълумотлар. Айнан реинжиниринг БЖ сифат кўрсаткичларини бир неча бор, баъзан ўнлаб маротаба оширади. Ер ресурсларини бошқариш БЖ реинжинирингм электрон ҳукумат, Ерни масофадан туриб зондлаш, булутли технологиялар, краудсорсинг, фазовий маълумотлар инфратузилмаси, маҳаллий бошқарув географик тизимлар, GPS/GNSS глобал жойлашишни аниқлаш тизимлари каби инновацион технологиялар асосида амалга оширилади. Масалан, Руандадаги ерни масофадан туриб зондлаш маълумотларига асосланиб ер участкаларини оммавий шакллантириш БЖни битта ер участкасини шакллантиришга сарфланадиган харажатларни бир неча юз АҚШ долларидан 6 долларга туширди ва ушбу натижа мамлакатга Бизнес юритиш-2016, 2017, 2018 "Кўчмас мулкни рўйхатга олиш" рейтингларида Беларусдан (5 ўрин) ўзиб, 2-ўринни эгаллаш имконини берди. Руанда уч йилдан бери дунёда 2-ўринни сақлаб келмоқда. АКТ ёрдамида БЖ реинжиниринги, Беларусь Республикасида кўчмас мулкнинг давлат реестридан кўчирмани электрон ҳужжат кўринишида бериш маъмурий жараёни бажариш муддатини уч кундан икки секундгача қисқартирди (веб-хизмат http://oz.nca.by).
Жараён ёндашуви асосида қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ: 1) мамлакатда ер ресурсларини бошқариш БЖ нинг тўлиқ таснифлагичини ишлаб чиқиш, 2) ҳар бир БЖ учун модел яратиш, 3) моделлар ёрдамида мамлакатнинг барча ҳудудлари учун ягона бўлган ер ресурсларини бошқариш Миллий АКТ платформасини яратиш. Шу билан бирга, электрон маъмурий регламентларга ўтиш орқали барча БПларни қайта кўриб чиқиш. Ва ниҳоят, 4) мамлакатда ер ресурсларни бошқариш сифатини доимий мониторинг қилиш функцияси бўлган янги АКТ-бошқарув платформасини электрон ҳукумат инфратузилмасига киритиш. Бугунги кунда иқтисодиётни бундай рақамлаштириш дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарбдир.

“Земельное администрирование и управление территориями в цифровой экономике” китобидан,
Рус тилидан Б.Нишанов таржимаси

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 1/2020-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: