Давлат хизматида кадрлар сиёсати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (ДБА) томонидан шу йилнинг 15 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш шароитида давлат кадрлар сиёсати: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил қилинди.

Конференция 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сонли “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди. Ушбу Халкаро Конференцияда келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб қўйилди.

Мазкур халқаро илмий-амалий конференция ўзининг концепциясига мувофиқ айни долзарблиги билан ажралиб турди. Хусусан:
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси давлат хизмати тизими янги ёндашув ва ғояларни излаш, янги механизм ва технологиялар ишлаб чиқиш босқичидадир. Бу йўлда жиддий ижобий натижаларга эришилди. Шу билан бирга, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек, стратегиялар, ислоҳотлар ва ўзгаришларни тўлақонли амалга ошириш учун давлат хизмати тизимини профессионаллаштириш талаб этилади.

Ўзбекистонда давлат хизматига оид тегишли меъёрий-ҳуқуқий ва институционал асосларни яратишга зарурат айни пайтда кучли сезилмоқда. Устувор вазифалардан яна бири – замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш, шунингдек, бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришдан иборат.

Давлат хизмати ва кадрлар сиёсати соҳасидаги мавжуд миллий ишланмаларни илғор хорижий тажриба билан боғлиқ ҳолда такомиллаштириш талаб этилади. Шу муносабатда, бундай муҳим масалаларнинг илмий муҳокамаси давлат хизмати ва унинг ислоҳ этилишига таъсир кўрсатувчи омиллар ва трендларни аниқлаш, давлат хизмати тизими ва кадрлар сиёсатини такомиллаштириш учун энг тўғри стратегияни белгилашга имкон яратиши лозим.

Юқоридаги омиллар мазкур конференциянинг ушбу кунда нақадар долзарблигини акс эттирди.

Мазкур ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференциядан кўзланган мақсад:
давлат хизмати тизимининг бугунги ҳолати ва фаолиятига оид масалаларни муҳокама этиш ҳамда қиёсий таҳлилни амалга ошириш учун мунозара майдонини яратиш;
давлат хизматини бошқариш ва ҳуқуқий тартибга солиш истиқболларини илмий жиҳатдан асослаш мақсадида умумий тренд ва ривожланиш векторларини аниқлаш;
ўзгариб бораётган шароитларга мос равишда фаолият кўрсатишга қодир бўлган янги формациядаги бошқарув кадрларини тайёрлаш, давлат кадрлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишдир.

Юқоридаги мақсадларни амалга ошириш учун конференция ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўйди: хусусан,
давлат хизмати соҳасида қонунчиликдаги ислоҳотларини амалга оширишнинг долзарб муаммоларини ҳар томонлама муҳокама қилиш;
давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликдаги камчилик, коллизия ва такрорланишларни аниқлаш, шунингдек, уни такомиллаштириш, оптималлаштириш ва бирхиллаштириш бўйича аниқ таклифларни шакллантириш;
давлат хизмати тизимига менежментнинг замонавий усулларини жорий этиш имкониятларини таҳлил қилиш ва муҳокама этиш;
давлат хизматчиларининг профессионал корпусини тайёрлаш тизимига замонавий илмий ёндашувлар, усуллар ва технологияларни жорий этиш ва қўллаш йўлларини излаш;
кадрлар сиёсати масалалари бўйича илмий таҳлил натижаларини умумлаштириш ва фикрлар алмашиш, хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш, келгусидаги илмий тадқиқот йўналишлари ва мавзуларини белгилаш.

Ва шунингдек, “Давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш шароитида давлат кадрлар сиёсати: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси иши учта секция доирасида амалга оширилди.

Биринчи - “Давлат хизмати тизимини ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари” секциясида қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
давлат хизматлари ҳуқуқий асосларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари;
давлат хизмати тизимининг тузилиши ва фаолият принциплари;
давлат хизмати тизимини стратегик бошқаришга оид институционал ёндашув;
кадрлар таркибини шакллантириш, давлат хизматига кириш, ўташ ва бекор қилиш бўйича ягона талаблар;
давлат хизматчиларда лавозимлар Реестри ва Малакавий талаблар рўйхатини шакллантириш.

Иккинчи - “Давлат хизмати тизимида менежментнинг замонавий усулларидан фойдаланиш масалалари” секциясида қуйидаги масалаларни кўриб чиқилиди:
давлат хизматини ислоҳ қилиш давлат бошқаруви тизимини модернизациялаш воситаси сифатида;
давлат хизмати ва кадрлар сиёсати ривожланишининг замонавий трендлари;
давлат хизмати тизимида менежментнинг замонавий усулларидан фойдаланиш;
HR тизими, шунингдек давлат хизматчилари фаолиятининг самарадорлиги ва шахсий-профессионал сифатларини оширишнинг инновацион технологиялари ҳамда усулларини жорий этиш;
давлат хизматчиларини рағбатлантириш ва мотивацияси тизимини шакллантириш муаммолари.

Шунингдек, учинчи - “Давлат хизматчиларининг профессионал корпусини тайёрлаш истиқболлари: миллий ва хорижий тажриба” секцияси ишида қуйида келтирилган масалаларни кўриб чиқилди:
•Ўзбекистоннинг кадрлар сиёсати ҳамда давлат хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш вазифалари;
•давлат хизматчиларини профессионал тайёрлаш: ҳолати, муаммолар ва такомиллаштириш вазифалари;
•Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг узлуксиз таълими концепциясини жорий этиш;
•давлат хизматчиларини тайёрлаш жараёнининг мақсадлилиги, очиқлиги, шаффофлиги ва самарадорлиги;
•давлат хизматчилари профессионал компетентлилигини шакллантириш, лавозим бўйича ўсиш амалиётини татбиқ этиш, малакали кадрлар захирасини шакллантириш каби вазифалар белгилаб қўйилди.

Секциялар иши мунозаралар, конференция иштирокчиларининг ўз фикр, назарий ва амалий ишланмаларини эркин алмашиши, миллий ва хорижий тажриба билан танишиш шаклида амалга оширилди.

Долзарб ва қизиқарли мавзуда бўлиб ўтган ушбу конференцияда давлат бошқаруви, давлат хизмати, ҳуқуқ, кадрлар сиёсати соҳасидаги етакчи миллий ва хорижий олимлар ҳамда мутахассислар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, турли жамоат ташкилотлари, шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар дипломатик миссиялари вакиллари фаол иштирок этишди.

Г.АБДУЛЛАЕВА,
Давергеодезкадастр қўмитаси
Кадрлар масалалари бўйича
бош мутахассиси

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 4/2019-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
Аудио файл: