Фаолиятдаги тинимсиз фидоийлик маҳсули – муносиб баҳо

Инсон таваллуд топганидан буён доимо илм излаш, камол топиш ва эгаллаган фаолият соҳасига фидоийлик билан ёндашиш истагида ҳаракатда бўлади. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдуллаев Абдушукур Хамидович ҳам ана шундай инсонлардан.

Унинг ўтган фаолият йўлларига назар солсангиз, 1981 йилда Тошкент политехника институтининг механика факультетини тамомлаб, ўзи таҳсил олган институтнинг “Совитиш машиналари ва қурилмалари” кафедрасида ассистент, илмий ходим, 1989 йилдан 1992 йилгача “Влагометрия” илмий тадқиқот гуруҳида кичик илмий ходим, 1992 йилдан 1994 йилгача Тошкент давлат Техника университетининг аспирантурасида ўқиб, аспирантурадан кейин 1994 йилдан 2004 йилгача “Метрология ва ўлчаш техникаси” кафедрасининг катта ўқитувчиси, доценти сифатида фаолият юритган. Яъни, қарийб 23 йил давомида илм билан ҳамоҳанг фаолият юритган.

Абдуллаев Абдушукур Хамидович меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бош мутахассиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги бош директори лавозимларидан ишлаб келган.

2017 йил март ойидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси лавозимида меҳнат фаолиятини юритиб келмоқда.

Давергеодезкадастр қўмитаси раиси А.Х.Абдуллаевнинг раҳбарлигида соҳанинг ривожлантириш мақсадида энг асосий йўналишларидан келиб чиқиб 2017-2019 йилларда жами 41 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, шундан 4 та Ўзбекистон Республикасининг қонуни, 2 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 4 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 19 та Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳмасининг қарори, 2 та Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳмасининг фармойиши, 12 та идоравий ҳужжатларни ташкил этади. Хусусан, унинг бевосита ташаббуси билан ер муносабатларини тартибга солиш, ерлардан самарали фойдаланиш, ер участкаларини беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш ва тартиб-таомилларини жадаллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги (2018 йил 24 июлдаги ЎРҚ-487-сон), “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги (2018 йил 4 мартдаги ЎРҚ-526-сон) ва “Яйловлар тўғрисида”ги (2019 йил 20 майдаги ЎРҚ-538-сон) Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПҚ-3677-сон қарори ва унга мувофиқ қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” (2018 йил 30 июндаги 493-сон) қарори, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг “Маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ҳамда яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (2018 йил 23 апрелдаги 299-сон), “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” (2019 йил 28 январдаги 63-сон), “Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” (2019 йил 25 февралдаги 167-сон) ва “Қишлоқ хўжалигида тупроқнинг агрокимёвий таҳлил тизимини такомиллаштириш, экин ерларида тупроқнинг унумдорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” (2019 йил 18 июндаги 510-сон) қарорлари шулар жумласидандир.

Абдуллаев Абдушукур Хамидович раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш” юзасидан тасдиқланган оммавий сайёр қабул графикларига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб, аҳоли зич яшайдиган ҳамда олис ва чекка ҳудудларида оммавий сайёр қабулларни ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, унинг раҳбарлигида 2017 йилдан бугунги кунга қадар, Давергеодезкадастр қўмитасига Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган, жами 4216 та ариза, шикоят ва мурожаатларнинг 3072 та (72,9%)си қонун талаблари асосида ижобий ҳал этилиб қаноатлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 29 август куни “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш соҳа ва тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилиш, илғор инновацион технологияларни жорий этиш, фаол инвестиция муҳитини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш йўлидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, жамиятимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни кучайтириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларидаги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Шулар жумласидан, Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан Абдуллаев Абдушукур Хамидович - Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси мукофотланди.

“Ахборотнома” илмий-амалий журнали таҳририяти мазкур фахрий орден соҳиби Двергеодезкадастр қўмитаси раиси Абдушукур Хамидович Абдуллаевни самимий муборакбод этади. Тинимсиз фаолиятингиздаги фидоийлик билан ёндашаётган меҳнатингиз маҳсули сифатида давлат мукофоти муборак бўлсин!

Шунингдек, шукроналик туйғуси қўшалоқ бўлса икка карра шодиёна шукуҳи қалбларни ўзгача жунбишга келтиради деганидек, бу йил 13 сентябрь куни Абдушукур Хамидович Абдуллаев табаррук 60 ёшга кирдилар. Мазкур табаррук ёш билан А.Абдуллаевни муборакбод этганлар қаторида биринчилардан бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов муборакбод этдилар.

Ҳурматли Абдушукур Ҳамидович, табаррук 60 ёшингиз билан чин юракдан табриклаймиз. Сизга самимият ила мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб, яна кўп йиллар соҳада мана шундай самаралар ва юксак натижалар билан фаолият юритишингизни, мамлакатимизда ер ресурслари, геодезия. Картография ва давлат кадастри соҳасини янада ривожлантиришга бош бўлишингизда тилакдошмиз.

“Ахборотнома” илмий-амалий журнали таҳририяти

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 3/2019-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: