Ер участкаларини беришда замонавий ва шаффоф механизмларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар (2-қисм)

Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бериш материалларини тайёрлаш ва келишиш тартибининг “YERELEKTRON-63” орқали амалга оширилиш босқичлари

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ажратиш бўйича материалларни ваколатли ташкилотлар билан келишиш ҳам туман (шаҳар) ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “YERELEKTRON-63” орқали амалга оширилади.
1-босқич: Давлат корхонаси филиали буюртмачи билан шартнома тузилгандан кейин йигирма иш куни давомида электрон шаклда ер участкаси ажратиш ҳақида ҳужжатлар йиғма жилди ва унинг иловаларини тайёрлайди ҳамда “YERELEKTRON-63” орқали туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.
2-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги барча материаллар билан бирга ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан сўнг, уни беш иш куни давомида ўрганади ва хулоса олиш учун туман (шаҳар) қурилиш бўлимига юборади.
3-босқич: Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда туман (шаҳар) қурилиш бўлими уч иш куни давомида йиғма жилдни кўриб чиқади, ажратиладиган ер участкаси бўйича хулоса тайёрлайди ва тегишли равишда уни туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, туман (шаҳар) қурилиш бўлими туман (шаҳар) ҳокимлигидан ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан сўнг бир иш куни давомида уни кўриб чиқади ҳамда келишиш учун ўз хулосасини илова қилган ҳолда, ҳудудий архитектура шаҳарсозлик кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш)га келишиш учун юборади.
4-босқич: Кенгаш беш иш кунидан кечиктирмасдан ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади ҳамда материалларни электрон рақамли имзосини қўйиш йўли билан келишади ва туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этиш учун Кенгаш томонидан туман (шаҳар) қурилиш бўлимига юборилади.
5-босқич: Туман (шаҳар) қурилиш бўлими хулосаси ва Кенгаш томонидан келишилган материаллар бир иш куни мобайнида “YERELEKTRON-63” орқали туман (шаҳар) ҳокимлигига электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат шаклида ёки нусхаси кўчирилган шаклда юборилади.
6-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги бир иш куни давомида ер участкаси ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар йиғма жилдини ва хулосани илова қилган ҳолда ваколатли ташкилотларга хулосалар ва келишишлар бериши учун юборади.
7-босқич: Ваколатли ташкилотлар йиғма жилд келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида йиғма жилдни келишади ёки тегишли хулосалар беради ҳамда “YERELEKTRON-63” орқали ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда ёки хулосанинг кўчирилган нусхаси тарзида туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.
8-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги икки кун муддатда ер участкаси ажратиш ҳақида қарор қабул қилади ва қарорга ер участкасининг чегаралари плани илова қилинади.
Ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш туман (шаҳар) ҳокимлиги ваколатига кирмаган тақдирда, туман (шаҳар) ҳокимлиги ваколатли ташкилотларнинг ижобий келишуви ёки ижобий хулосаси олингандан сўнг ер участкаси ажратиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдимнома юборади. Тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар “YERELEKTRON-63” орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон шаклда ёки уларнинг кўчирилган нусхалари юборилади.
9-босқич: Тақдимномада қайд этилган ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлиги ваколатига кирган тақдирда, тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг уч иш кунида уларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади ҳамда бир иш кунидан кечиктирмасдан “YERELEKTRON-63” орқали тегишли тақдимнома киритган туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.
Ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлиги тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни олгандан сўнг кейинги кундан кечиктирмасдан “YERELEKTRON-63” орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ер участкалари ажратиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида хат ва иловаларни юборади.
10-босқич: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн иш куни мобайнида йиғма жилд ва материалларни кўриб чиқади ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарори лойиҳасини ер участкаси жойлашган жойи бўйича тегишли комплекс раҳбари томонидан виза қўйиш йўли билан келишади ҳамда уни кейинги иш кунидан кечиктирмасдан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимлигига, шунингдек, тегишли тақдимномани киритган туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.
11-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олингандан кейин бир иш куни давомида ҳужжатлар тўпламини ва ваколатли ташкилотларнинг ижобий келишувлари ёки ижобий хулосалари бўйича материалларни, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг қарорини илова қилган ҳолда, давлат корхонаси филиалига юборади ва шу босқичда «YERELEKTRON-63”нинг фаолияти якунланади.

“YERELEKTRON-63” орқали ишлаш кўникмалари

“YERELEKTRON-63”нинг бош саҳифаси ва дизайни фойдаланувчилар учун қулай форматда яратилган. Тизимда давлат тилида иш фаолияти юритилади.
Тизим фойдаланувчилари томонидан туғиладиган барча техник саволлар юзасидан телеграм дастурида махсус техник кўмак гуруҳи ҳам яратилган.
Тизим бўйича вужудга келадиган саволлар борасида техник кўмак гуруҳида 24/7 режимида фойдаланувчиларга тушунтириш ишлари олиб борилади.
Тизимнинг функционал имкониятларини кенгайтириш мақсадида фойдаланувчилар учун тизим саҳифасида “Қўлланма” бўлими яратилган бўлиб, у ерда махсус босқичларни ўз ичига олган ўқув видео қўлланмалари жойлаштирилган.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4427-сон Қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Тадбиркорлик
ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг янги таҳрири, шунингдек, қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлари ҳозирда келишиш жараёнида эканлигини инобатга олиб, мавжуд ахборот тизими кейинчалик янада такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда.

Д.ДАДАЕВА,
“Геоинфоком” ДУК директори ўринбосари

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 3/2019-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
PDF файл: 
Аудио файл: