Ер участкаларини беришда замонавий ва шаффоф механизмларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар (1-қисм)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ер участкаларини беришдаги ҳуқуқбузарликлар ёки уларни асоссиз олиб қўйиш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ер участкаларини беришнинг танлов тартиби лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда. Ваколатли органлар фаолиятида ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш таъминланмаганлиги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларининг чўзилишига ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлиб келган.
Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январда “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 63-сон қарори қабул қилинган ва ер участкалари беришнинг тартиб-таомилларини жадаллаштириш ҳамда соддалаштириш бўйича Низомлар тасдиқланган.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги “Геоинфоком” давлат унитар корхонаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 493-сон қарорига асосан ишлаб чиқилган “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимида махсус модуль - “YERELEKTRON-63” яратилди ҳамда жорий йилнинг май ойидан буён юқоридаги қарор ижроси ваколатли органлар билан ҳамкорликда таъминланиб келинмоқда.

Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари рўйхатини шакллантириш ва ер участкаларини аукционга қўйиш учун зарур материалларни тайёрлаш тартибининг “YERELEKTRON-63” орқали амалга оширилиш босқичлари

1-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимликларининг аукцион орқали реализация қилишга мўлжалланган бўш ер участкалари рўйхати (кейинги ўринларда – рўйхат) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиали (кейинги ўринларда – давлат корхонаси филиали) томонидан тайёрланади ҳамда ҳар чоракда – кейинги чорак ойининг ўнинчи санасигача янгиланади.
2-босқич: Рўйхат ва рўйхатга ҳар бир ер участкаси бўйича электрон шаклдаги материаллар илова қилинади ҳамда “YERELEKTRON-63” орқали туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади. Туман (шаҳар) ҳокимлиги рўйхат келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни мобайнида рўйхатда кўрсатилган ер участкаларининг якка тартибда уй-жой қуриш учун реализация қилиш бўйича мавжуд имкониятларни аниқлайди ҳамда рўйхатни “YERELEKTRON-63” орқали хулоса олиш учун туман (шаҳар) қурилиш бўлимига юборади.
3-босқич: Туман (шаҳар) қурилиш бўлими икки иш куни мобайнида ўз хулосасини тайёрлайди ва уни туман (шаҳар) ҳокимлигига “YERELEKTRON-63” орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклида ёки кўчирилган нусха кўринишида юборади.
4-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги қурилиш бўлимининг ижобий хулосаси келиб тушган кундан бир иш куни давомида “YERELEKTRON-63” орқали ушбу хулосани илова қилган ҳолда рўйхатни келишиш ва хулосалар чиқариш учун ваколатли ташкилотларга юборади.
5-босқич: Ваколатли ташкилотлар тақдим этилган материалларни икки иш куни мобайнида келишади ёки ер участкаларининг таклиф этилаётган мақсадига мослиги ёки мос эмаслиги ҳақида хулосалар тайёрлайди. Рўйхатдаги ер участкалари бўйича берилган келишув ва хулоса натижалари “YERELEKTRON-63” орқали туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.
6-босқич: Рўйхатда назарда тутилган ер участкасини бериш тўғрисида қарор қабул қилиш туман (шаҳар) ҳокими ваколатига кирмаган тақдирда, туман (шаҳар) ҳокимлиги ваколатли ташкилотларнинг ижобий келишуви ёки ижобий хулосаси олингандан сўнг бир иш куни давомида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ер участкасига умрбод мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини аукционда реализация қилиш орқали бериш учун тақдимнома ва унга иловаларни “YERELEKTRON-63” орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклида ёки уларнинг кўчирилган нусхалари шаклида юборади.
7-босқич: Тақдимномада қайд этилган бўш ер участкасини бериш тўғрисида қарор қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатига кирган тақдирда, тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг беш иш кунида улар кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва “YERELEKTRON-63” орқали тегишли тақдимнома киритган туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.
8-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги хулосалар (қарорлар) келиб тушгандан кейин бир иш куни мобайнида рўйхатни қайта кўриб чиқади, ундан салбий хулосалар берилган ер участкаларини чиқариб ташлайди ва рўйхатда қолган ер участкаларини давлат корхонаси филиалига “YERELEKTRON-63” орқали юборади.
9-босқич: Давлат корхонаси филиали қурилиш бўлими билан биргаликда беш иш куни мобайнида 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасидаги бўлган ҳар бир ер участкасига (лотга) индивидуал рақам беради, чегара бурилиши нуқталари координаталари ҳамда бурилиш нуқталари ўртасидаги чегара чизиғи узунлигини кўрсатган ҳолда ер участкаси режасини тузади, чегарадош ерлар чегараларини тавсифлайди ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигига “YERELEKTRON-63” орқали юборади.
10-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги 2 иш куни давомида ер участкасининг энг паст нархини ер участкасини танлаш материалларини тайёрлашга кетган харажатларни қўшган ҳолда белгилайди.
11-босқич: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоят
ва Тошкент шаҳар ҳокими ҳар чоракда бир марта ер участкасининг минимал нархини тасдиқлайди.
12-босқич: Туман (шаҳар) ҳокимлиги икки иш куни давомида:
объектнинг аукционга қўйилиши ҳақида қарор қабул қилади;
аукционга қўйиладиган ер участкалари (лотлар)нинг рўйхатини зарур материаллар ва ахборотни электрон шаклда илова қилган ҳолда тайёрлайди;
“YERELEKTRON-63” орқали “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукционни ташкил қилиш ва ўтказиш учун операторга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган буюртмани юборади ва шу босқичда
“YERELEKTRON-63”нинг фаолияти якунланади.

--------------------------------------------------------------------------------------------------
("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 3/2019-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
PDF файл: 
Аудио файл: