Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун яратилаётган қулай имкониятлар

Ислоҳотларни сифатли амалга ошириш ҳамда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш, шунингдек, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1060-сон қарори тасдиқланган бўлиб, унда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона қоидалари белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита)га манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда идоралараро ҳамкорлик ва кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши, шунингдек улар билан боғлиқ битимлар ҳақидаги ахборот алмашинувининг ахборот-дастурий комплексини ишлаб чиқиш ва 2019 йил 1 февралдан бошлаб жорий этиш вазифаси қўйилган.

Шу мақсадда, Қўмита ҳузуридаги “Геоинфоком” давлат унитар корхонаси лойиҳа гуруҳи томонидан “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри – DAVREESTR 2.0. PRO” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди ва жорий йил 1 февраль кунидан ишга туширилди.

Давлат реестри юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлари ҳақидаги ахборотнинг расмий манбаси бўлиб, бу ахборотнинг ишончлилиги давлат томонидан кафолатланади ҳамда унда электрон шаклда берилган, шунингдек, қоғозда берилган кўчирмалар тенг юридик кучга эга.

Давлат реестри маълумотларини Интернет тармоғига жойлаштириш йўли билан улардан юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин фойдаланишини таъминланмоқда.

Хусусан, кўчмас мулк объекти бўйича тақиқларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги кўрсатилган ҳолда Давлат реестридан кўчирмалар берилишини назарда тутувчи “Davreestr.uz” дастурий маҳсулоти ҳам лойиҳа гуруҳи томонидан жорий этилган бўлиб, унда республиканинг исталган ҳудудидаги кўчмас мулк объекти ҳақида маълумот олиш мақсадида барча мулкдорлар онлайн режимда куннинг исталган вақтида тизимда рўйхатдан ўтиб, объектнинг кадастр рақамини ва турини белгилаган ҳолда 10 дақиқа ичида Давлат реестридан электрон кўчирмани олиш имкониятга эга бўлди.

Кўчмас мулк объекти кадастр рақамини аниқлаш учун мулкдорлар солиқ тўловчининг идентификацион рақами орқали сўровларни жўнатадилар ва Давлат реестридан олинган электрон кўчирмаларнинг ҳаққонийлигини билиш учун бепул текшириб кўришлари ҳам мумкин бўлади.

Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ ҳамда кўчмас мулк объектига бўлган бошқа ашёвий ҳуқуқлар, шу жумладан ушбу ҳуқуқлар ва улар билан боғлиқ битимларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши ҳақидаги ахборот 2019 йил 1 февралдан буён ахборот-коммуникация тизимлари воситасида давлат рўйхатидан ўтказувчи органга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат нотариал идоралари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек бошқа ваколатли органлар томонидан тегишли ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб бир кун муддатда тақдим этилмоқда.

Бунда кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр ҳужжатлари архивини шакллантириш мақсадида юқорида қайд этилган органлар кўчмас мулк объектларига нисбатан қарор қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда давлат рўйхатидан ўтказувчи органларга кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини тақдим этишмоқда.

Кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган ёки бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиаллари - давлат рўйхатидан ўтказувчи органга ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза билан кўчмас мулк жойлашган жойдаги Давлат хизматлари марказларига (кейинги ўринларда- Марказ) ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали (my.gov.uz) воситасида мурожаат қилишлари мумкин.

my.gov.uz портали орқали https://my.gov.uz/oz/landlord-right-land-v1/passport ҳаволаси билан давлат хизматидан фойдаланиш имконияти ҳам яратиб берилган.

Аризада кўчмас мулк объектининг тури, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган ҳуқуқ, унга кадастр йиғмажилди тайёрланган ёки қайта расмийлаштирилган кўчмас мулк объектининг номи ва у тайёрланган сана (мавжуд бўлса) кўрсатилади ҳамда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Марказ ариза тўлдирилгандан кейин бир соат мобайнида уни кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширадиган органга юборади.

Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг раҳбари томонидан тайинланадиган масъул шахслар (рўйхатдан ўтказувчи) томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказувчи кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда:
- аризани ва ушбу кўчмас мулк объектига кадастр ҳужжатларини ўрганади, уларни Давлат реестрида мавжуд ахборот билан таққослайди;
- кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлар ҳамда кўчмас мулк объектига бўлган бошқа ашёвий ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос мавжудлигини, унинг юридик ёки жисмоний шахсга ўтказилишининг қонунийлигини аниқлайди;
- умумий улушли мулк ҳуқуқи иштирокчиларининг сонини ва тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг улушларини аниқлайди;
- ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши учун тўсқинлик қиладиган омилларни, бу кўчмас мулк объекти ҳуқуқнинг бошқа шахсларга ўтказилиши учун тўсқинлик қилувчи гаровга қўйилганлиги ва ҳуқуқни чеклаш борлигини аниқлайди;
- бошқа шахслардан айнан шу кўчмас мулк объекти бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза бор ёки йўқлигини Давлат реестридан аниқлайди.

Рўйхатдан ўтказувчи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни давомида давлат рўйхатидан ўтказади.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар Давлат реестрига тегишли ёзувни киритиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказилади ва у белгиланган шакл бўйича электрон кўринишда юритилади.

Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг давлат рўйхатидан ўтказувчи орган белгиланган шаклда тегишли ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи электрон кўринишдаги Давлат реестридан кўчирмани тайёрлайди ва уни марказга юборади.

Марказ давлат рўйхатидан ўтказувчи органдан Давлат реестридан кўчирмани олгандан сўнг бир соат ичида уни юридик ёки жисмоний шахсга электрон шаклда юборади. Юридик ёки жисмоний шахснинг хоҳишига кўра, кўчирма қоғоз шаклида берилиши мумкин ва ариза берувчи кўрсатган манзилга юборилади.

“DAVREESTR 2.0. PRO” автоматлаштирилган ахборот тизимининг бош саҳифаси ва дизайни фойдаланувчилар учун қулай форматда яратилган. Тизим давлат тили, қорақалпоқ ва рус тилларида бета-режимда фаолият юритмоқда.

Тизим фойдаланувчилари томонидан туғиладиган барча техник саволлар юзасидан телеграм дастурида махсус техник кўмак гуруҳи ҳам яратилган.

Тизим бўйича вужудга келадиган саволлар борасида техник кўмак гуруҳида 24/7 режимида фойдаланувчиларга тушунтириш ишлари олиб борилади.

Тизимнинг функционал имкониятларини кенгайтириш мақсадида фойдаланувчилар учун тизим саҳифасида “Ҳисоботлар” бўлими яратилган.

Ҳозирги кунда унда умумий кўринишдаги (ҳар бир буюртма мисолида турли хил атрибутлар, жумладан умумий майдон, яшаш майдони, объект тури, ҳуқуқ тури ва бошқа шу каби кесимларда) батафсил ҳисоботларни шакллантириш йўлга қўйилмоқда.

Д. ДАДАЕВА,
“Геоинфоком” ДУК директори ўринбосари

("Ахборотнома" илмий-амалий журналининг 2/2019-сонида чоп этилди)

Категория: 
Тип публикации: 
Аудио файл: